
АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистон ва АҚШ Президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Дональд Трампнинг 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича эришилган бир қатор келишувларнинг тафсилотларини эълон қилди.
Баёнотга кўра, икки давлат ҳукуматлари ҳар икки мамлакат барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлашга қаратилган иқтисодиёт, хавфсизлик ва гуманитар соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш устида ишламоқда.
Президент Трамп, хабарда айтилишича, АҚШни муҳим минераллар билан таъминлаш ва энергетика соҳасидаги шерикликни ривожлантиришга қаратилган келишувларни мамнуният билан қабул қилди.
Келишувлар орасида:
- Қўшма Штатларнинг биргаликда ишлаб чиқилган фойдали қазилма конларидан биринчи навбатда фойдаланиш ҳуқуқи ва муҳим минераллар захираларининг биргаликда тузилган хариталари бўйича маълумот алмашинуви;
- Муҳим минераллар ва ноёб ер элементлари таъминот занжирларини мустаҳкамлаш учун АҚШ ва Ўзбекистонда 400 миллион долларгача бўлган инвестиция тўғрисидаги келишув;
- Ўзбекистоннинг Америка энергетика компанияларидан кичик модулли ядро реакторларини сотиб олиш мажбурияти.
2025 йил май ойида АҚШ Ядро назорати комиссияси NuScale Power Module’нинг 77 МВт қувватга эга кичик модулли атом реакторининг (SMR) янги версиясини маъқуллади. Аввалроқ, 2023 йилда регулятор 50 МВт қувватга эга версияни сертификатлаган ва уни АҚШда расмий тасдиқ олган биринчи SMR дизайни қилган эди.
Бундан ташқари, Американинг Air Products компанияси Ўзбекистонда метанол ишлаб чиқариш заводи қурилишига 3 миллиард долларгача сармоя киритмоқчи. Компания 2019 йилда Ўзбекистонда «метанолдан олефинлар» лойиҳасини ташкил этиш имкониятларини ўрганиб чиққан эди. Ўшандаёқ ҳукумат табиий газни қайта ишлаш ва юқори қўшимча қийматга эга нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган эди.
2023 йил май ойида MTO Gas Chemical Complex лойиҳа компанияси Air Products билан шартнома тузди. Тошкентда имзоланган ҳужжатда метанол ишлаб чиқариш заводи қурилиши кўзда тутилган. «Метанол ороли» деб номланган лойиҳа Бухоро вилоятида метанолдан олефинлар ишлаб чиқариш бўйича газ-кимё мажмуасининг асосий қисми бўлади.
Томонлар, шунингдек, халқаро жиноятчилик ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш соҳасида, жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида тезкор маълумот алмашиш ва Америка ускуналарини сотиб олиш ҳисобига минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Ўзбекистон, шунингдек, АҚШдан уч йил давомида 5 миллиард долларлик автомобиль бутловчи қисмларини сотиб олишни режалаштирмоқда ва Америка компаниялари UzAuto Motors’ни хусусийлаштиришда иштирок этиши мумкин. Компанияни 2026 йилнинг биринчи чорагида сотувга қўйиш режалаштирилган эди.
Аввал хабар қилинганидек, Uzbekistan Airways томонидан умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик 22 та Boeing 787 Dreamliner самолётини сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди, шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдан 2 миллиард долларгача қишлоқ хўжалиги техникасини импорт қилиш мажбурияти белгиланди.
Ўзбекистон президенти Америка бизнеси вакиллари билан учрашувда АҚШ билан ҳамкорликнинг 4 та устувор йўналишини белгилаб берди — энергетика, стратегик хомашё, логистика ва IT. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш энергия нархини 15%га камайтиришга ва уни минтақадаги энг арзонлардан бирига айлантиришга имкон беради.
2026 йилдан бошлаб АҚШ фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз режим жорий этилади.

