Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 31/05/2026

Тошкент вилоятидаги уйда юз берган портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, икки киши жароҳатланди

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги турар жойда юз берган портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.

Ҳодиса 2026 йил 16 апрель куни соат 1:40 атрофида «Ўртаовул» маҳалласидаги уйлардан бирида содир бўлган. Бунга ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Куйиш ва ис газидан заҳарланиш оқибатида 30 ёшли эркак, унинг 2 ва 3 ёшли қизлари ҳамда 6 ёшли ўғли воқеа жойида вафот этган.

Эркакнинг турмуш ўртоғи ва онаси ёнғиндан қочиб, деразадан сакрашган ва тан жароҳати олишган. Улар Нурафшон шаҳридаги тиббиёт муассасасига ётқизилган.

Республика суд экспертизаси маркази, вилоят ИИБ ва вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари оловдан шикастланган буюмлар, алюминий сим бўлаклари ва бошқа ашёвий далилларни олишган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда уйнинг ичида автомобиль ҳам ёниб кетганини кўриш мумкин.

«Кечаси қаттиқ портлаш овозини эшитдик. Ҳамма уйидан югуриб чиқди. Ҳамма қўрқиб кетганди», — дея қўшнилардан бирининг сўзларини келтиради Ishonch.uz.

Унинг айтишича, эркак яқинларини қутқаришга ҳаракат қилган: у рафиқаси ва онасини дераза орқали олиб чиқишга улгурган, бироқ болаларини қутқаришга уриниб, ўзи ҳалок бўлган.

Туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (одам ўлимига ва бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Туман фавқулодда вазиятлар бўлими, электр ва газ таъминоти корхоналари ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди.