Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 31/05/2026

Равшан Муҳитдинов ҳам Интерпол орқали қидирувга берилди

Ўзбекистон расмийлари 37 ёшли Равшан Муҳитдиновни халқаро қидирувга эълон қилди. Унинг исми Интерпол сайтидаги «қизил билдиришномалар» рўйхатида пайдо бўлди.

Билдиришномада айтилишича, у Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади), 242-моддаси 2-қисми (уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) ва 277-моддаси 3-қисми (безорилик — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Равшан Муҳитдинов Туркияда яшайди ва тадбиркорлик билан шуғулланади. У, шунингдек, Истанбулда рўйхатдан ўтган Dünya Engelliler Vakfı (DEV, Бутунжаҳон ногиронлар фонди) ташкилотининг молиявий масалалар бўйича вице-президенти ҳисобланади.

Қизил билдиришнома — бу ҳибсга олиш ордери эмас, балки бутун дунё бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга шахсни экстрадиция қилиш, топшириш ёки шунга ўхшаш қонуний ҳаракатларни кутиш жараёнида уни қидириш ва дастлабки ҳибсга олиш тўғрисидаги сўров. У Интерпол томонидан аъзо давлатнинг сўровига биноан эълон қилинади ва сўровчи мамлакатнинг суд органлари томонидан берилган ҳибсга олиш ордери ёки суд қарорига асосланади.

Аввалроқ «Ўзбекистон металлургия комбината» бошқарувининг собиқ раиси ва инвестициялар вазири ўринбосари Дилшод Аҳмедов Интерпол орқали қидирувга берилгани ҳақида хабар берилган эди. Унга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата қилиш моддаси бўйича айблов қўйилган.