Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 12/02/2026

Ўзбекистонда уй-жой тўловидан қарздор бўлганларга электр энергияси учун тўлов қилиш чекланади

2026 йил 1 июлдан бошлаб, агар уй-жой мулкдори кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига мажбурий тўловларни ойнинг 15-санасигача киритмаса, унинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилиш қарздорлик тўлиқ узилгунга қадар тўхтатиб турилади.

Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида сўз боради.

Кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағидаги маблағлар ҳар ойда биринчи навбатда уйнинг электр энергияси тўловига (кириш йўлаклари, зинапоялар, йўлакларни ёритиш, лифтлар ишлаши, уй атрофидаги ҳудудни ёритиш, насослар ва бошқа умумий эҳтиёжлар учун) йўналтирилади.

Бундан ташқари, янги тартиб жорий этилмоқда: мулкдор мажбурий тўловларни кечиктирган ҳар бир кун учун тўлов суммасидан пеня ҳисобланади:

  • юридик шахслар учун — 0,4 фоиз;
  • жисмоний шахслар учун — 0,1 фоиз.

Бунда пеня суммаси ҳар бир ой учун муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

Ҳисобланган пеня тенг улушларда кўп квартирали уйнинг банк ҳисобварағига ҳамда Mening uyim тизимини сақлаш харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Шу санадан бошлаб мажбурий тўловларни фақат банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари ёки банк кассалари орқали амалга ошириш мумкин бўлади.

Аввалроқ ёзганимиздек, ушбу ҳужжат билан уйларни таъмирлаш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш дастурлари режалаштирилган: 1032 та кўп квартирали уйнинг энергия самарадорлигини оширишга 200 млн доллар халқаро маблағлар, уйларни таъмирлаш ҳамда инфратузилмани қуриш ва тиклашга 1 трлн сўм йўналтирилади. Кўп квартирали уйларни бошқариш Mening uyim тизими орқали рақамлаштирилади.

Сенаторлар Вазирлар Маҳкамасига бошқарув сервис компаниялари хизматлари сифати бўйича сўров юборгани ҳақида хабар берган эди. Бунга фуқароларнинг минглаб шикоятлари, бошқарув компанияларининг мулкдорлар иштирокисиз тайинланиши ва ҳисоботларнинг йўқлиги сабаб бўлган. Сенат раиси буни «одамларнинг кайфиятига бевосита боғлиқ бўлган жиддий масала» деб атаган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил июль ойида чиқинди олиб чиқишдан қарзи борлар учун электр энергияси тўловига вақтинчалик тақиқ қўйишни назарда тутувчи қонун қабул қилинган эди. 6 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ушбу хизмат учун қарзини тўламаган 204,8 минг абонентнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланган эди.