
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида ички талабнинг ўсиши, нархлар барқарорлиги ва товарлар мўллиги аҳоли турмуш сифати яхшиланаётганидан далолат беришини таъкидлади.
«Бозорларимиздаги тўкин-сочинлик, нархлар барқарорлиги ва истеъмол талабининг ўсиши — бу одамлар ҳаёти сифати яхшиланаётганининг бош кўрсаткичи», — деди давлат раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, инфляция ички талабни рағбатлантирувчи асосий омил бўлиб қолмоқда. Президент йил якунларига кўра инфляция даражаси 7,4 фоиз атрофида бўлиши кутилаётганини маълум қилди.
«Бу жуда катта натижа. Иқтисодчилар гап нима ҳақида кетаётганини яхши тушунишади», — дея таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 9 йил ичида мамлакатда қулай бизнес муҳитини яратиш, товар ва хизматлар ҳажмини ошириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва камбағалликни сезиларли даражада қисқартиришга эришилганини қайд этди.
«Натижада биз нархлар ўсишини жиловладик ва инфляцияни бир хонали рақамларга туширдик, аҳолининг харид қобилияти эса икки баравар ошди», — деди Президент.
Мисол тариқасида у уй-жой ва автомобиллар бозори динамикасини келтирди.
«Агар бундан беш йил олдин аҳоли йилига 210 мингта хонадон ва 600 мингта автомобиль сотиб олган бўлса, бу йил 270 мингта хонадон ва 1 миллионта автомобиль харид қилинди. Бу нимадан далолат беради?», — деди.
Президентнинг сўзларига кўра, ушбу кўрсаткичлар иқтисодиётга бўлган ишонч ортганини англатади.
«Агар даромадлар ва харид қобилияти ошмаганида, кўчмас мулк ва автомобиль бозори 20 миллиард долларга етармиди? Йўқ. Бу адолатли рақамлар. Улар одамлар иқтисодиётга ишонгани ва буни ўзларида ҳис қилаётганидан далолат беради», — деб қайд этди Мирзиёев.
У халқаро экспертларнинг сўровномалари ва баҳолашлари аҳолининг 75 фоизида молиявий ҳолат сезиларли даражада яхшиланганини кўрсатаётганини қўшимча қилди.
Давлат раҳбари даромадлар ва харид қобилиятини ошириш бўйича ишлар давом эттирилишини айтди.
«2016 йилда бошлаганимизда ва уйларга кириб одамларга пул билан ёрдам берганимизда, бизга ҳеч ким ишонмаган эди. Лекин биз буни уддаладик — қилиш мумкин экан. Мана натижа. Бу рақамлар осмондан олинмаган: одамлар ҳақиқатда пул тўлади, уй ва машина сотиб олди. Бу бизнинг аниқ ютуқларимиз», — деб таъкидлади.
Таҳлилларга кўра, аҳоли даромадлари 10 фоизга ошганда истеъмол 8 фоизга кўпаяди. Бу янги товар ва хизматларга талаб ортишини, демак қўшимча қувватлар ва янги иш ўринларини англатади. «Биз бу йўлни қатъий ушлаб туришимиз ва уни давом эттиришимиз керак», — деди Президент.
2026 йилда уй-жой ипотека кредитига 23 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган. Дастлабки бадалнинг бир қисмини ва фоиз тўловларини қоплаш учун 2,7 триллион сўм субсидия ажратилади.
Бундан ташқари, битта хонадон учун ипотека кредитининг максимал миқдори 15 фоизга оширилади: Тошкент шаҳридаги уй-жойлар учун 420 миллиондан 483 миллион сўмгача, ҳудудлар учун 330 миллиондан 380 миллион сўмгача.
2026 йилда ҳукумат 140 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуришни ният қилган, бу Президентнинг сўзларига кўра, истеъмол товарларига талабнинг ошишига олиб келади. Уни қўллаб-қувватлаш учун 125 триллион сўм истеъмол кредитлари ажратилиши режалаштирилган (жорий йилдаги 104 триллион сўмга нисбатан).
Мирзиёев, шунингдек, қурилиш ишлари ҳажмини 15 фоизга — 30 миллиард долларгача ошириш режалари ҳақида маълум қилди. «Бу турдош тармоқлар учун тахминан 5 миллиард долларлик қўшимча бозор ва 300 мингга яқин янги иш ўринларини яратади», — деди у.
Президент хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсишини алоҳида қайд этди. «Бу йилнинг ўзида хизматлар ҳажми қарийб 15 фоизга ўсиб, 82 миллиард долларга етди — илгари бундай натижа бўлмаган», — деди Мирзиёев.
Хизмат кўрсатиш секторини янада рағбатлантириш учун 2026 йилда 85 триллион сўм кредит ва 9 триллион сўм субсидия, жумладан, 7 триллион сўм таълим хизматларига йўналтирилиши режалаштирилган. «Аҳоли даромадлари ва хизматларга талабнинг ўсиши сервис секторини иқтисодиёт драйверига айлантирмоқда», — дея хулоса қилди Президент.
Марказий банк маълумотига кўра, 2025 йил тўққиз ой якунлари бўйича янги қурилган уйлар нархи сўмда 2,4 фоизга ва долларда 5,5 фоизга, иккиламчи бозорда эса 1,8 фоиз ва 5 фоизга ошган. Бозор ўсиши асосан хусусий уй-жойлар ҳисобига таъминланган. Сотувчилар активлар қийматини сақлаб қолиш мақсадида нархларни долларда белгиламоқда.
Президент 2025 йил 20 ноябрь куни уй-жой бозори ва ипотекани ривожлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда 2040 йилгача йиллик қурилиш ҳажмини 421 минг хонадонга етказиш, ипотека портфелини 10 баравар — 56,7 миллиард долларгача кенгайтириш ва комплекс қурилишнинг янги моделини жорий этиш кўзда тутилган.

