Европа Марказий Осиё учун 12 миллиард евролик инвестиция пакетини ажратади: транспорт, хомашё, яшил энергия ва сунъий йўлдош интернети

Европа Иттифоқи Марказий Осиё

Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 2025 йил 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган илк «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитида минтақалар ўртасида стратегик ҳамкорлик бошланганини ва 12 миллиард евро ҳажмидаги Global Gateway стратегияси ишга туширилганини эълон қилди.

«Марказий Осиё — бу қадимий тарих ва улкан амбицияларга эга фахрли, суверен давлатлар минтақаси. Сизнинг стратегик жойлашувингиз глобал савдо йўллари ва инвестиция оқимларига эшик очади. Бу янги инвестициялар сизнинг суверенитетингизни мустаҳкамлайди, иқтисодиётларни кучайтиради ва энг муҳими — янги дўстлик алоқаларини яратади. Улар одамларни яқинлаштиради. Биз, европаликлар, сизларнинг минг йиллик тарихингиздаги янги бобда шерик бўлишни истаймиз. Шу сабабли бугун Марказий Осиё ва Европа ўртасида янги стратегик ҳамкорликни бошлаяпмиз», — деди Европа комиссияси раҳбари.

«Биз бир-биримизга яқинлашмоқдамиз. Бу ҳамкорлик минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, энергетика, хавфсизлик, рақамли ривожланиш ва туризм соҳаларида янги ҳамкорлик имкониятларини яратади. Бу ҳамкорлик икки тараф одамларини яқинлаштиради. Ишончли ҳамкорлар ҳеч қачон бу даражада муҳим бўлмаган. Бизнинг стратегик ҳамкорлигимиз — бир-биримиз ёнида бўлиш мажбурияти», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Янги ҳамкорлик доирасида у тўртта устувор йўналишни қайд этди.

Биринчиси — транспорт йўлакларини ривожлантириш. ЕИ Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ер оша йўлни деярли икки баробар (15 кунгача) қисқартирадиган Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш учун 10 миллиард евро ажратишни тасдиқлади.

2025 йилда Ўзбекистонда мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлашга бағишланган инвестиция форуми ўтказилади.

«Дунёдаги парчаланиш авж олаётган бир пайтда Транскаспий йўлаги Марказий Осиё ва Европани боғловчи ҳалқага айланади. Лекин бу ерда инфратузилмагина эмас, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказдаги чегаралардан тез ўтиш ҳам Қора денгизга чиқиш учун муҳим. Уч ўн йиллик ёпиқликдан сўнг Арманистоннинг Туркия ва Озарбайжон билан чегараларини очиши бурилиш нуқтасига айланади. Бу Европа ва Марказий Осиёни ҳеч қачон бўлмаган даражада яқинлаштиради», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Иккинчиси — ҳаётий муҳим фойдали қазилмалар. Марказий Осиё дунёдаги марганец захираларининг 40 фоизига, шунингдек, катта миқдорда литий ва графит захираларига эга.

«Бироқ улар кўплаб глобал ўйинчиларни жалб қилмоқда, уларнинг қизиқиши фақат қазиб олиш ва экспортга қаратилган. Европанинг таклифи бундан фарқли. Биз сизнинг маҳаллий қайта ишлаш саноатингизни ривожлантиришда шерик бўлишни истаймиз. Қўшимча қиймат шу ернинг ўзида қолиши керак», — деди Европа комиссияси раҳбари.

Европа компаниялари Ўзбекистоннинг Олмалиқ шаҳридаги мис конига 1,6 миллиард евро инвестиция киритди, нафақат қазиб олиш, балки рудани шу ернинг ўзида қайта ишлаш билан шуғулланмоқда — бу иш ўринлари яратади ва қўшимча қиймат ҳосил қилади.

«Лекин биз бундан ҳам ортиғини қила оламиз — бутун қиймат занжири бўйлаб маҳаллий ишлаб чиқариш, лабораториялар ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш. Бу йиллар давомидаги ҳамкорлик бўлади, халқларимиз ва келажак авлодлар манфаати йўлида», — таъкидлади у.

Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. Бугун ниятлар тўғрисидаги Қўшма декларация ҳам қабул қилинди.

«Марказий Осиёнинг хомашё бўйича стратегик мустақиллиги — Европанинг стратегик манфаатидир», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Учинчиси — яшил энергетика. Бу минтақада шамол, қуёш, гидро ва геотермал энергияни ривожлантиришни ўз ичига олади. ЕИ Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилишида иштирок этмоқда, бу эса минтақани тоза энергия марказига айлантиради.

Тўртинчиси — рақамли алоқа ва сунъий йўлдош интернети. ЕИ узоқ ҳудудларни интернетга улаш учун йўлдош дастурини бошлади.

Жорий йилнинг ўзида Қозоғистонда 2000 та мактаб ва юзлаб қишлоқлар интернетга уланади, яқин йилларда эса бутун минтақа бўйлаб 1700 та аҳоли пункти қамраб олинади.

«Марказий Осиё денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин, лекин у космосга чиқиш имкониятисиз эмас. Космос сизнинг янги дунёга чиқиш эшигингизга айланиши мумкин», — деди Европа комиссияси раҳбари.

Урсула фон дер Ляйен Global Gateway инвестиция пакетининг ишга туширилганини эълон қилди. 12 миллиард евро тўрт йўналиш бўйича тақсимланади: транспорт — 3 млрд евро, ҳаётий муҳим минераллар — 2,5 млрд евро, гидроэнергетика ва иқлим — 6,4 млрд евро, сунъий йўлдош интернети — 100 млн евро.

Пакет ЕИ ва унинг аъзо давлатлари инвестициясини бирлаштиради. «Биз буни “Европа жамоаси” ёндашуви деб атаймиз. Ушбу пакет Марказий Осиё учун янги лойиҳалар жамланмасини очади. Бу дўстлигимиз тарихидаги ҳақиқий янги бошланишдир», — деди у.

Европа комиссияси раҳбари шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида стратегик ҳамкорлик бошланганини маълум қилди.

«ЕИ ишончли шерик эканини кўрсатади. Биз биргаликда ҳар икки минтақа манфаати учун фойдали бўлган, уларни янги алоқалар, дўстлик ва савдо тармоқлари орқали мустаҳкамловчи муносабатларни ривожлантирамиз», — деди у.

Жорий йилнинг иккинчи ярмида ўтказиладиган форумларда эришилган ютуқлар баҳоланади ва ҳамкорликнинг янги форматлари ишлаб чиқилади. «Энг яхшиси ҳали олдинда», — деди Урсула фон дер Ляйен.

Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕБРР) 2027 йилгача ҳаётий муҳим минераллар ва қайта тикланадиган энергия каби соҳаларни қамраб олган 7–8 миллиард евро ҳажмидаги лойиҳалар пакетини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан ўзаро тушуниш тўғрисида тўртта меморандум имзолаш ва барқарор транспорт, сувни бошқариш ва иқлим ўзгаришларига чидамлилик учун 365 миллион евро ажратишни режалаштирмоқда.