
2025 йил декабрь ойида Тошкентда бузилган «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида Yangi Chorsu ёки Chorsu by Manar (якуний номи ҳали танланмаган) деб номланган мажмуа қурилиши бошланади. Совет модернистик архитектурасининг машҳур рамзларидан бири бўлган 23 қаватли бино 2000-йиллар бошида ёпилган, узоқ йиллар бўш турган ва авария ҳолатига келиб қолган эди.
2024 йил ноябрида эски меҳмонхона ўрнида 29 қаватли меҳмонхона, шунингдек, турар жой бинолари ва бизнес маркази бўлган мажмуа қурилиши лойиҳаси ҳақида маълум бўлди. 2025 йил сентябрь ойининг иккинчи ярмида пойтахтда бўлиб ўтган янги лойиҳа тақдимотида хабар қилинишича, «Чорсу» биносини бузиш 2025 йил январида бошланган ва ёзда якунланган, бунинг учун 3 млн доллар сарфланган.
Лойиҳа MANAR Development компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Yangi Chorsu лойиҳасининг умумий қиймати 100 млн доллардан ошиқ баҳоланмоқда. Айни шу компания 2030 йилгача Тошкентда 20 га яқин лойиҳани, жумладан, янги «Юнусобод» бозори, Истиқбол кўчасидаги савдо маркази ва Махтумқули кўчасидаги турар жой мажмуасини амалга оширишни мақсад қилган.
Yangi Chorsu 100 минг кв. м майдонни эгаллаши кутилмоқда. Мажмуа 600 та хонадонга мўлжалланган 38,3 минг кв. м турар жой, 14 минг кв. м офислар, 20 минг кв. м савдо майдонлари ва 20,6 минг кв. м меҳмонхона инфратузилмасини ўз ичига олиши керак. Лойиҳа муаллифлари ҳудудда очиқ жамоат маконлари ва яшил зоналар пайдо бўлишини эълон қилиб, «пойтахт маркази ривожланишида тубдан янги босқични» ваъда қилмоқда.
Ишлаб чиқувчилар шаҳар маконларини ривожлантиришга замонавий ёндашувни акс эттирувчи учта асосий тамойилга таянади, деди MANAR Development бош директори Даврон Файзиматов.
«Биринчиси — шаҳарсозлик мантиғи: баландлик ва ҳажмлар тарихий ядро силуэтига мос келиши ва майдон истиқболларини «ушлаб туриши» керак. Иккинчиси — инсонга йўналтирилганлик: узлуксиз пиёдалар алоқаси, соя ва микроиқлим, ободонлаштирилган жамоат маконлари. Ва учинчиси — экология ва энергия самарадорлиги: ҳақиқий яшил майдонлар, сув йиғиш тизими, замонавий бино материаллари», — деди у.
Компаниянинг таъкидлашича, мажмуа аввалги «Чорсу» меҳмонхонаси каби, нафақат ҳудуднинг архитектуравий доминантаси, балки шаҳарнинг ушбу қисмини идрок этишни тубдан ўзгартириб, янги ишбилармонлик, туристик ва маданий марказга айланиши керак.
«Очиқлик, инклюзивлик ва анъаналарга ҳурмат»
Эски меҳмонхона модернистик архитектуранинг намунаси эди. У Эски Жўва ҳудудида ўзига хос ансамбль яратган ва қўшни бинолар: Кўкалдош мадрасаси, «Чорсу» бозори ва турар жой мавзелари билан мулоқотда бўлган.
Янги мажмуанинг архитектуравий концепциясини ишлаб чиқиш учун компания Россия ва Германия меъмори Сергей Чобанни (Tchoban Voss Architekten, Берлин) таклиф қилди, у Берлин, Гамбург, Москва ва бошқа шаҳарларда лойиҳаларни амалга оширган. Чобаннинг сўзларига кўра, янги лойиҳада у нафақат аввалги рамзни алмаштиришга, балки жойнинг руҳиятини ва замонавий талабларни акс эттирувчи янги, таниқли силуэт яратишга ҳаракат қилган. Унинг архитектуравий ёндашуви «очиқлик, инклюзивлик ва анъаналарга ҳурмат» тамойилларига асосланган.
«Биз учун шаҳардан ажратилган, ёпиқ (дарвозалар билан ёпилган — таҳр.) мажмуа қурмаслик жуда муҳим эди», — дея таъкидлади архитектор. — Аксинча, биз ҳудудни ҳар томондан очиқ қилишга интилдик. «Чорсу» бозори кўчалар ва йўналишларни бирлаштирганидек, янги мажмуа ҳам шаҳар ҳаётининг бир қисми бўлиши керак — ўткир, жонли, кириладиган».
Янги меҳмонхона мажмуанинг марказий доминантасига айланиши кутилмоқда. Муаллифнинг айтишича, архитектура композицияси эски меҳмонхонанинг уч баргли шаклидан илҳомланган. Бинолар шамол айланиб турадиган ва қулай микроиқлим яратадиган кенг ички хиёбонни ҳосил қилиш учун жойлаштирилган. Бу ечим нафақат иссиқ ойларда қизиб кетишдан сақланишга ёрдам бериши, балки жамоат маконларининг мослашувчан тизимини: майдонлар, аллеялар, террасалар ва кўкаламзорлаштирилган томларни шакллантириши керак.
«Биз нафақат кўзга ташланадиган, балки шаҳарнинг янги рамзига айланадиган силуэт яратишни истадик. Биз силлиқ чизиқлар ва ўткир шакллар уйғунлашган анъанавий ўзбек архитектурасига таяндик. Бу мотивлар янги меҳмонхона силуэтида ўз аксини топган — у енгил, юқорига интилган, аммо айни пайтда мувозанатли ва силлиқ», — деди Чобан.
Меҳмонхона тўрт юлдузли даражага мос келади, 230 та хона, алоҳида 180 та апартамент ва пиёдалар ҳамда тижорат зоналарига чиқиш имкониятига эга бўлади. Биринчи қават мажмуа кечаю кундуз «яшаши» учун кўп функцияли макон сифатида мўлжалланган. Муаллифларнинг ваъда қилишича, эскалаторли диагонал ўтиш йўлаклари Беруний ва Самарқанд Дарвоза кўчаларидан эркин ўтишни таъминлайди.
Фасадлар ҳажмли элементларни, керамик қўшимчаларни, табиий тошни ва анъанавий услубга ишора қилувчи нақшли мотивларни ўз ичига олади.
Чорсу майдонининг тупроғи юмшоқ бўлиб, бу авваллари қурилишни жиддий равишда қийинлаштирган, шу сабабли лойиҳада тупроқни тўлиқ алмаштириш ва ҳар бир корпус учун пойдевор устунлари ўрнатиш кўзда тутилган, деди MANAR Development ижрочи директори Рустам Тўраев.
Ҳозирда устун майдони лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа сейсмик нормаларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилмоқда — бинолар 9 балли зилзилага чидашга мўлжалланган, деди.
Компания вакили собиқ меҳмонхонанинг пойдевори остидаги булоқ туфайли чўкиб кетгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди. «Агар булоқ бўлганда, у лойиҳага мослаштирилиб, ҳудуднинг ўзига хос хусусияти сифатида фойдаланилган бўларди. Бу ҳатто плюс бўларди», — дея қайд этди у.
«Асосий лойиҳа билан параллел равишда, биз шаҳар тармоқларига юкламани камайтирадиган ечимлар устида ишлаяпмиз. Томларда ҳам, фасадларда ҳам қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, иссиқлик насослари ва бойлерлардан фойдаланилади. Бундан ташқари, лойиҳа ҳудудида шаҳар инфратузилмаси қисман янгиланади», — деди Рустам Тўраев.
Ёнгинада жойлашган «Жар» стадиони ва спорт майдончалари сақланиб қолади: «Лойиҳа фақат собиқ «Чорсу» меҳмонхонаси ҳудуди чегарасида амалга оширилмоқда. Участкадан ташқарида ҳеч қандай режалар йўқ. Шу жумладан, «Чорсу» бозори гумбази атрофидаги ҳудудда ҳам».
Бош директор Даврон Файзиматовнинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун тахминан 3,5 йил вақт кетади: биринчи объектларни 2028 йилда фойдаланишга топшириш, қурилишни тўлиқ 2029 йил охиригача якунлаш режалаштирилган. Меҳмонхона лойиҳанинг якуний қисми бўлади.

