Президент 2025 йил учун хусусийлаштириш дастурини тасдиқлади. 30 трлн сўмлик давлат мулки савдога қўйилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни 2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжат давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартириш ва активларни хусусий бизнесга ўтказишни жадаллаштиришга қаратилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2030 йилга келиб нодавлат сектор улуши иқтисодиётда 85%га етиши, давлат корхоналари сони эса 6 марта қисқариши керак. Шунингдек, давлат иштирокидаги йирик корхоналар ва банкларни трансформация қилиш, нопрофиль активларни улар таркибидан чиқариш ва хусусийлаштиришни тезлаштириш назарда тутилган.

2025 йилда 30 трлн сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини хусусийлаштириш режалаштирилган бўлиб, давлат бюджетига камида 10 трлн сўм тушиши керак. Савдога 115 та корхонадаги улушлар, 659 та кўчмас мулк объекти ва 6100 гектар ер участкалари қўйилади (рўйхат).

Шунингдек, дастлабки босқичда камида 30 та кон участкалари ва фойдали қазилмалар (асосан олтин, шунингдек, кумуш, темир кони, қўрғошин, мис ва бошқалар)дан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳам сотилади.

2030 йил 1 январигача давлат иштирокида янги корхоналар ташкил этишга мораторий жорий этилади. Бундан мустасно ҳоллар — мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар, шунингдек, Президент қарорларида кўрсатилган ҳолатлар.

Республика органлари ва ҳокимликларга давлат функцияларига тўғри келмайдиган кўчмас мулк хариди ёки корхона ташкил этиш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади. Бу талабларни бажариш учун эндиликда давлат корхоналаридаги акциядорлар ва кузатув кенгаши аъзолари шахсан жавобгар бўлади.

Хусусийлаштириш ва ижарада имтиёзлар

Майдони 10 минг кв. метргача бўлган объектлар юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга 5 йилга тўғридан-тўғри ва бепул берилади. Белгиланган шартларга риоя этилган тақдирда, бинони баҳолаш қиймати бўйича хусусий мулк сифатида расмийлаштириш мумкин бўлади.

Бошланғич нарх босқичма-босқич туширилгандан сўнг бир йил мобайнида сотилмаган ва харидорлар учун жозибали бўлмаган объектлар юридик шахслар капиталига улуш сифатида киритилиши мумкин.

«Ўзпахтасаноат» АЖ тугатилаётган активлари 3 ой мобайнида сотилмаган тақдирда, улар 10−50% чегирма ва 3 йилгача бўлган тўлов муддати билан савдога қўйилади.

Фармонга кўра, бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида ҳокимиятлар иштирок этиши мажбурияти бекор қилинди.

Ер участкалари

Ер участкаларини сотишни жадаллаштириш мақсадида қурилиш режалари тасдиқланганидан сўнг ижарага олинган ерларни хусусийлаштиришга рухсат берилади ва тўлиқ тўлов талаб қилинади.

Хокимиятлар томонидан онлайн-аукционга қўйиладиган участкалар, асосан, ўз фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ва тайёр лойиҳаларга эга тадбиркорлар томонидан таклиф этилган жойлардан танланади.

Яқин атрофдаги кичик участкалар бирлаштирилиб, қўшимча келишувларсиз такроран савдога қўйилади.

Давлат мулкини соддалаштирилган ижараси

Бир ой ичида бир йиллик тўловни амалга оширган ижарачилар Марказий банк ставкасидан (ҳозирда — 14%) келиб чиққан ҳолда чегирма олади.

6 ой мобайнида ижарага берилмаган объектлар 50% арзонлаштирилган нархда савдога қўйилади. Шундан кейин ҳатто битта иштирокчи бўлса ҳам шартнома тузиш учун етарли ҳисобланади.

Аввал хабар берганимиздек, президент давлат улушлари халқаро ва маҳаллий бозорларда сотиладиган 29 та йирик корхоналар рўйхатини ҳам тасдиқлаган. Уларнинг қаторида UzAuto Motors, Mobiuz, Uzbekistan GTL, иссиқлик электр станциялари ва ТЭЦлар, «Технопарк», Ўзбек металлургия комбинати ва бошқалар бор.

Ушбу қарор доирасида 12 та йирик давлат компаниясининг акцияларини оммавий (IPO) ва иккинчи даражали (SPO) жойлаштириш бўйича жадвал ҳам тасдиқланган. Аввал 2−5% акция сотилиши режалаштирилган бўлса, энди 10−25% миқдорда белгиланган.

Шунингдек, Самарқанд автомобиль заводи (SamAuto), иссиқлик электр станциялари, Ўзметкомбинат ва Шеробод цемент заводини хусусийлаштириш механизми ҳам аниқланган.