Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 11/07/2026

Ўзбекистонда бозорлар E-bozor ягона платформасига уланади

Ўзбекистондаги 300 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуалари E-bozor ягона рақамли платформасига уланади. Бу ҳукуматнинг 2026 йил 2 июлдаги қарорида назарда тутилган.

У 2026 йил 1 октябргача синов тариқасида ишлаши, 2027 йил 1 мартгача эса тўлиқ фойдаланишга топширилиши керак.

Платформада бозорлар ва савдо мажмуаларининг паспортлари, уларнинг манзиллари, бўш савдо нуқталари ва жойлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш режалаштирилган. Шунингдек, у орқали аҳоли бозорлар фаолияти ҳақида маълумот олиши ва маъмуриятларга электрон мурожаатлар йўллаши мумкин бўлади.

Солиқ қўмитаси платформа оператори этиб белгиланди. У, шунингдек, ҳар бир бозор ва савдо мажмуасига солиқ ходимларини бириктириши ва уларнинг иши самарадорлигини ҳар куни таҳлил қилиши лозим.

2026 йил 1 октябргача E-bozor платформасига бозорлар ва савдо мажмуаларининг ихтисослашуви, иш тартиби, стационар савдо нуқталари ва жойларининг сони ҳамда жойлашуви, шунингдек, кўрсатиладиган хизматлар ҳақидаги маълумотлар киритилиши керак. Солиқ ходимлари жойларда платформада акс эттирилган кунлик тушумларнинг ҳаққонийлигини доимий равишда мониторинг қилиб боради.

Бозорларни рақамлаштириш ва уларнинг инфратузилмасини яхшилаш харажатлари бозорлар ва савдо мажмуаларининг ўз маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади. E-bozor платформасини яратиш ва уни давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш Солиқ қўмитасининг махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

2026 йил 1 декабргача бозорлар ва савдо мажмуаларининг амалдаги ахборот тизимлари E-bozor, шунингдек, Адлия вазирлиги, Кадастр агентлиги ва бошқа манфаатдор идоралар тизимлари билан «Электрон ҳукумат»нинг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали интеграция қилиниши лозим.

Ҳужжатда савдо жойлари ва ҳисоб-китобларни рақамлаштириш ҳам назарда тутилган. Солиқ қўмитаси Марказий банк билан биргаликда 3 ой муддатда бозорлар ҳудудлари ва уларга туташ автотураргоҳларда хизматлар учун ягона QR-код орқали тўлов қилиш имкониятини яратиши лозик. 2 ой ичида бозорлар ва савдо мажмуаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар онлайн-назорат-касса машиналари (ОНКМ) ёки онлайн-тўловлар учун QR-ёрлиқлар билан таъминланиши керак.

Алоҳида тартибда бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудларидаги савдо нуқталари, жойлари ва тадбиркорларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда уларни солиқ объектлари сифатида ҳисобга қўйиш топширилди.

Қарорда рақамлаштириш чора-тадбирлари амалга ошириладиган бозорлар ва савдо мажмуалари рўйхати ҳам тасдиқланди. Унга мамлакатнинг барча ҳудудларидаги, жумладан Тошкентдаги объектлар киритилди. Бунда Солиқ қўмитаси Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт ҳокимликлари таклифларига асосан ушбу рўйхатни тўлдириши мумкин бўлади.

Бозорлар ва савдо мажмуалари учун рақамлаштириш схемаси белгиланди. У қурилиш, санитария, савдо, ёнғин хавфсизлиги ва жамоатчилик талабларига риоя этилишини ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, рақамлаштириш учун пудратчиларни танлаш, видеокузатув, ташвиш ва ёнғин сигнализациялари, банкоматлар, қуёш панеллари ва тежамкор ёритиш тизимларини ўрнатишни ўз ичига олади.

Устувор йўналишлар қаторида масофадан онлайн-мониторинг қилиш имкониятига эга бўлган, замонавий IT-ечимлар ва сунъий интеллектга асосланган махсус ахборот тизимини яратиш, бир марталик йиғимлар, ижара ва хизматлар учун шаффоф электрон тўлов тизимини жорий этиш, савдо жойларининг рақамли ҳисобини юритиш, бўш савдо жойларини ижарага бериш бўйича электрон шартномалар тузиш, автотураргоҳлар ва хўжалик ҳисобидаги объектларда ҳисоб-китоб ҳамда тўловларни автоматлаштириш, бозорлар ва уларга туташ ҳудудлардаги ноқонуний қурилмаларни тугатиш, инфратузилмани таъмирлаш ва реконструкция қилиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ҳам кўрсатилган.

Бозорлар ва автотураргоҳларда ўрнатилган электрон шлагбаумлар ва бошқа қурилмалар солиқ органларининг ахборот тизимига мажбурий тартибда интеграция қилинади. Ушбу талаб бажарилмаганда жарима қўлланилади.