Ўзбекистоннинг 12 та йирик давлат корхонаси учун IPO ва SPO жадвали тасдиқланди, улар орасида ОКМК ва НКМК ҳам бор

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 21 апрель куни давлат иштирокидаги йирик корхоналарни халқаро бозорларда хусусийлаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, хусусийлаштиришни амалга оширишда асосий мақсадли кўрсаткичлар этиб қуйидагилар белгиланди:

  • халқаро обрўли консультантларни жалб қилган ҳолда 29 та йирик давлат корхоналари устав капиталидаги акция (улуш) пакетларини оммавий савдога чиқариш;
  • 12 та йирик компания акцияларини халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида бирламчи (IPO) ва (ёки) иккинчи даражали (SPO) оммавий жойлаштириш.

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) 2025 йил 1 июлига қадар энергетика вазирлиги томонидан ёқилғи етказиб беришнинг минимал ҳажмлари бўйича кафолатлар ҳамда мутахассис маслаҳатчиларнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда иссиқлик электр станцияларини очиқ савдога чиқариши керак. Ушбу тадбирлар натижасида «Ўзметкомбинат» акцияларининг давлат улуши ҳам савдога қўйилади.

2025 йил 1 декабрига қадар ДАБА Иқтисодий ва молия вазирлиги билан биргаликда халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда 2030 йилгача давлат корхоналарини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

Шунингдек, хорижий инвесторларни жалб этиш ва халқаро форумларда тақдимотлар (road show) ўтказиш учун кенг кўламли рекламавий-тушунтириш кампанияси ташкил этилади. Бу ишларга ТИВ, Инвестициялар вазирлиги, ДАБА, Иқтисодий ва молия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар жалб этилади.

12 та йирик давлат корхоналарининг IPO ва SPO жараёнлари 2024 йил 19 апрелдаги президент қарорида кўзда тутилган эди. Илк режага кўра, қуйидаги акциялар жойлаштирилиши керак эди:

  • «Ўзбектелеком», «Ўзбекгидроэнерго», Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати, «Ўзбекгеологияқидирув», «Ўзбекгеофизика» — 2% дан;
  • Товар-хом ашё биржаси — 2,4%;
  • «Темирйўлкарго», «Ўзтемирйўлконтейнер» (35% улуши 200 млрд сўмга сотилган) — 4% дан;
  • «Тошкент» республика фонд биржаси, «Ўзбекистон почтаси», UzAuto Motors Powertrain, электрон онлайн-аукцион ташкилоти — 5% дан.

Бироқ энди акциялар жойлаштириш ҳажми 10−25% гача оширилди. Масалан, Навоий ва Олмалиқ тоғ-металлургия комбинатлари акцияларининг 2% ўрнига 10−15% IPO ўтказиш режалаштирилмоқда.

IPO ва SPO жадвали

Компания номиДавлат улуши (%)Савдога чиқариш муддати
АЖ «Навоий кон-металлургия комбинати» (НКМК)10−152025 йил II ярим йиллиги
АЖ «Ўзбекистон Республикасининг Миллий инвестиция жамғармаси»252026 йил I ярим йиллиги
ДК «Навоийуран»10−152026 йил II ярим йиллиги
АЖ «Uzbekistan Airways»15−202026 йил I ярим йиллиги
АЖ «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» (ОКМК)10−152027 йил I ярим йиллиги
АЖ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»10−202027 йил I ярим йиллиги
АЖ «Ўзбектелеком»10−152027 йил II ярим йиллиги
АЖ «Ўзбекгидроэнерго»15−202027 йил II ярим йиллиги
АЖ «Ҳудудий электр тармоқлари»20−252028 йил I ярим йиллиги
АЖ «Ўзтрансгаз»15−202028 йил I ярим йиллиги
АЖ «Uzbekistan Airports»15−202028 йил I ярим йиллиги
АЖ «Ҳудудгазтаъминот»15−202028 йил II ярим йиллиги

Миллий инвестиция жамғармасининг IPO жараёнлари Franklin Templeton Asset Management билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бу компаниянинг Сингапурдаги шўъбаси 2024 йил февралда жамғарманинг ишончли бошқарувчиси этиб тайинланган.

Акциялар халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қарор доирасида, шунингдек, 29 та йирик давлат корхонасидаги давлат улушлари ҳам сотилиши режалаштирилган. Улар қаторида UzAuto Motors, Mobiuz, Uzbekistan GTL, иссиқлик электр станциялари, ТЕЦлар, «Технопарк», Ўзбек металлургия комбинати ва бошқалар бор.