
Тошкентда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш механизми сифатида уй-жой қурилиш кооперативларини жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу ташаббус 2025 йил 23 сентябрь куни Халқ депутатлари шаҳар кенгаши мажлисида айтиб ўтилди.
Ҳокимнинг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров уй-жойга муҳтож, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.
«1 сентябрь ҳолатига кўра, фуқаролардан 15 978 та ариза келиб тушган. Туманлардаги комиссиялар ушбу аризаларни кўриб чиқиб, 2479 нафар ариза берувчига ижобий хулоса берди. Натижада 388 нафар фуқарога уй-жой сотиб олиш учун 11,64 млрд сўм миқдорида субсидия тўланди», — деди.
У 2016 йилгача Тошкентда йилига 2500-3000 та хонадонли уйлар қурилганини, ҳозирда эса бу кўрсаткич 12-13 мингтани ташкил этишини эслатди. Мақсад — қурилиш ҳажмларини йилига 20 мингта хонадонга етказиш.
Унинг сўзларига кўра, мурожаат қилганларнинг атиги 15,5% и уй-жой сотиб олиш учун субсидия олган.
«Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси — Тошкентда уй-жой учун 440 млн сўмгача кредит ажратилади. Бундан ташқари, ипотека бўйича бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия 30 млн сўмни ташкил этади. Уй-жой нархи 550 млн, 600 млн, 700 млн сўм бўлганда, уй сотиб олиш имконияти жуда чекланган. Тошкентда 600-700 млн сўмга уй сотиб олиш жуда қийин», — деди.
Шу муносабат билан Тошкент ҳокимлиги Сингапур ва субсидия миқдори пойтахтларда бошқа ҳудудларга нисбатан юқори бўлган ҳамда уй-жой билан таъминлашнинг муқобил механизмлари мавжуд бўлган бошқа хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганди. «Ҳозирда биз бу масалалар бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигига таклифлар киритмоқдамиз», — дея қайд этди Ҳайдаров.
Муаммони ҳал қилишнинг мумкин бўлган ечими сифатида депутат Муродхон Жўраев фойда олишни мақсад қилмаган, балки бирлашма аъзоларини уй-жой билан таъминлайдиган уй-жой қурилиш кооперативларини жорий этишни таклиф қилди.
«Агар биз бу усулга ўтсак, фақатгина субсидиялар билан ёрдам бера олмаймиз. Яхшиси, қарзлар ажратиш, уй-жой жамғарма фондларини яратиш керак… Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда уй-жой кооперативлари кенг тарқалган. Агар биз бу усулга ўтсак, бир квадрат метр учун максимал нарх 500 доллардан ошмайди», — деди кенгаш депутати.
Ҳокимнинг биринчи ўринбосари жавобан ушбу таклифни ўрганиб чиқишини маълум қилди.
Кенгаш раиси Рустам Калонов ҳам муниципал уйларни қуриш масаласини кўтарди. Бахтиёр Ҳайдаров бундай лойиҳалар режада йўқлигини айтди. Шу билан бирга, у 2018–2023 йилларда пойтахтда ҳуқуқий эксперимент амал қилганини, унинг доирасида инвестор ер участкаси олганида квартираларнинг бир қисмини давлатга топширишга мажбур бўлганини сўзлаб берди.
Халқаро тажриба
Уй-жой кооперативи — бу одамлар уй-жойга биргаликда эгалик қилиш ёки уни бошқариш учун бирлашадиган коллектив ташкилот шакли. Хусусий мулкка квартира сотиб олишдан фарқли ўлароқ, кооператив аъзоси пай (улуш) сотиб олади ва муайян уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини олади, аммо бинонинг ўзи ва ер кооперативга тегишли бўлади.
Кооперативлар одатда уй-жойни бозор нархида сотиб олишдан кўра арзонлаштиради, чунки спекуляция истисно қилинади: пайни кўпинча кооперативнинг розилигисиз бозор нархида эркин сотиш мумкин эмас.
Уй-жой кооперативи бир нечта оила ташаббуси билан тузилади, улар бирлашади, ташкилотни рўйхатдан ўтказади ва уставни қабул қилади. Ҳар бир аъзо бошланғич пай бадалини (одатда уй-жой қийматининг 10-30%) тўлайди, қолган сумма эса имтиёзли кредит ҳисобидан қопланади, бу кредит кўпинча давлат ёки муниципалитет кафолати остида берилади; қатор мамлакатларда, масалан, Европа ва Канадада, қўшимча равишда фоизлар субсидияланади ёки ер паст нархда ажратилади. Тўпланган пайлар ва кредит маблағлари ҳисобига кооператив уй қуради ёки сотиб олади, жойлашгандан сўнг эса ижарачилар ҳар ойда кредитларни қоплаш, бинони сақлаш ва таъмирлаш учун тўловларни амалга оширадилар.
Уй-жой кооперативлари дунёнинг қатор мамлакатларида кенг тарқалган. Қозоғистонда бу фуқароларнинг уй сотиб олиш (қуриш) ва ундан фойдаланиш мақсадидаги тижорат бўлмаган бирлашмаси. Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи бу ерда кооперативга тегишли, унинг аъзолари эса ўзларига бириктирилган хоналардан эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқига, айрим ҳолларда эса белгиланган тартибда тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўладилар. Шуни тушуниш муҳимки, дастлаб бўлажак ижарачилар квадрат метрларни эмас, балки пайларни сотиб оладилар. Аммо пай бадалининг тўлиқ суммасини киритиш мулк ҳуқуқини қўлга киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Лекин у ерда қурилиш компанияларининг виждонсиз ҳаракатлари ва бундай тизим асосида молиявий пирамидалар ташкил этилиши масаласи кўтарилмоқда.
Буюк Британияда улушли мулкчилик ёки Shared ownership (sharehold деб ҳам аталади) амал қилади — бу кам таъминланган оилалар учун имтиёз сифатида давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланадиган уй-жойга эгалик шакли.
АҚШда Кооператив уй-жой уюшмаси тузилган, у аҳоли томонидан назорат қилинадиган кооперативларни, уюшмаларни, лойиҳаларни бирлаштиради. Германияда уй-жой кооперативлариўзига-ўзи ёрдам бериш тамойиллари асосида тижорат бўлмаган компаниялар сифатида ишлайди, компаниялар ўз аъзолари учун уй-жой сотиб олади ва қуради. Бу кооперативлар ёши катталар, ёш оилалар ва кам таъминланганлар орасида оммабопдир.
Кооператив уй-жой мисоллари билан батафсилроқ ушбу глобал шарҳда танишиш мумкин.

