Тошкент-Андижон пуллик йўлини қуришга 6 йил ва 3 ой кетиши мумкин

Транспорт вазирининг ўринбосари Жасурбек Чориевнинг таъкидлашича, Тошкент-Андижон пуллик йўлини қуришга 6 йил ва 3 ой вақт кетиши мумкин. Йўлнинг умумий узунлиги 314 км, 6 та қатор ва 10 та тоннелдан иборат бўлади.

30 августдаги президентнинг қарорига кўра, 2024-2026 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш чоралари кўрилган, шу жумладан, пуллик Тошкент-Андижон йўли ҳам шунга таалуқли. 2026 йилда бошлаб, 2032 йилда тугатиш режалаштирилган.

Лойиҳа 3 та босқичдан иборат бўлади ва биринчи босқичда Тошкент-Ангрен оралиғида (78 км), кейингисида Ангрен-Поп (93 км) ва сўнгги бўлиб, Поп-Андижон (143 км) орасида йўл қурилади. Йўл цемент-бетон аралаш қопламадан қурилиши мўлжалланган.

Ушбу йўлнинг қурилиши, шу йўналиш оралиғидаги йўлни 2 соат 14 дақиқага қисқартириш имконини беради ва лойиҳа 2023 йил ҳисобларига кўра, 4.28 млрд АҚШ доллари миқдорида баҳоланган.