
Бекмурод Абдуллаев
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ва 186 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилишда гумонланаётган яна олти нафар мансабдор шахс ҳибсдан озод қилинди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди. Расмий идоралар ушбу маълумотга ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.
Улар 2026 йил 15 апрель куни кечқурун ҳибсдан озод этилган. Ташановнинг сўзларига кўра, генерал-майорнинг қариндошлари аниқланган зарарни нақд пул шаклида (бу сумма камида 15,3 миллион долларга тенг) тўлиқ қоплаганидан кейин эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилган. Шу билан бирга, жиноят иши тугатилмаган, бироқ суд қарори чиққунга қадар у озодликда бўлади.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг аниқлик киритишича, тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан 170000/2025ИИ-сонли жиноят иши доирасида олиб борилмоқда. 3000 саҳифадан ортиқ бўлган жиноят иши материаллари доирасида 500 дан ортиқ киши сўроқ қилинган.
Манбаларига таяниб ҳуқуқ ҳимоячиси Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа идораларнинг 70 дан ортиқ ходими қўлга олинганини маълум қилди.
Айбловларнинг моҳияти ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаментига Тошкент шаҳри йўл инфратузилмасини янгилаш ва «ақлли» светофорлар тизимини ишга тушириш учун ажратилган маблағларни талон-торож қилиш билан боғлиқ. Талон-торожликлар Ҳисоб палатасининг молиявий текшируви давомида аниқланган.
Абдураҳмон Ташанов иш бўйича бошқа 60 дан ортиқ фигурантлар худди шундай коррупция моддалари билан айбланаётганига қарамай, тергов ҳибсхоналарида қолаётгани, шу сабабли уларнинг қариндошлари норозилик билдираётганини айтди.
ИИВ Жазони ижро этиш департаменти (собиқ ЖИЭББ) собиқ бошлиғи полковник Рустам Турсуновга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилмаган — у ҳибсда қолмоқда.
Дастлабки тергов муддати 18 апрелда тугаган. Ишни бир нечта қисмга ажратган Бош прокуратура материалларни кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига топшириши кутилмоқда.
«Шубҳасиз, бу борада расмий баёнотлар берилиши керак. Токи расмий тушунтиришлар йўқ экан, жамиятда тергов ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига нисбатан саволлар кўпайиб бораверади», — деб ҳисоблайди «Эзгулик» раҳбари.
2026 йил январь ойи охирида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 53 триллион сўмлик талон-торожлик ва молиявий қонунбузилишлар аниқланганини, коррупциявий схемалардан кўрилган зарар эса 4,2 триллион сўмни ташкил этганини маълум қилган эди. Давлат раҳбари мисол тариқасида ИИВ тизимидаги вазиятни келтириб, у ерда давлат харидларида 186 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланганини айтганди.
«Ёдда тутинг: давлат маблағларининг ҳар бир сўми қатъий назоратга олинади. Жавобгарлик муқаррар, жазо эса қаттиқ бўлади!» — деб таъкидлаган эди.
Бекмурод Абдуллаев 2021 йил апрель ойидан буён ички ишлар вазирининг ўринбосари — ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. У тадбиркор, BA Holding асосчиси, «Ўзметкомбинат»нинг ҳозирги раҳбари Баҳодир Абдуллаевнинг акаси ҳисобланади.
Рустам Турсунов 2021 йил февраль ойидан буён Жазони ижро этиш департаментига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Уларнинг иккаласи ҳам президентнинг 2025 йил 3 ноябрдаги қарор ва фармойиши билан лавозимидан озод этилган эди.