Президентга учта босқичда эски уй-жойларни янгилашни кўзда тутадиган реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Сўнгги 8 йил ичида мамлакат аҳолиси 6 миллион кишига кўпайди. Шу давр мобайнида ярим миллионга яқин уй-жойлар қурилди. Хусусан, 2024 йили 100 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар барпо этилди. Жорий йилда яна 130 мингдан ортиқ хонадон қуриш режалаштирилган.

Яқин йилларда аҳоли сони 40 миллионга етиши кутилмоқда. Бундай ўсиш суръатида ҳар йили 140−150 минг янги хонадонга эҳтиёж пайдо бўлади. Бу эса йилига қўшимча 2000 гектар ер талаб этилишини англатади, бироқ «ер ресурслари чекланган», дейилади хабарда.

«Бундай шароитда реновация дастури самарали ечимга айланади. Масалан, республикада 17 минг икки ва уч қаватли эски уйлар мавжуд. Улардаги яшаш шароити замонавий талабларга жавоб бермайди. Электр, газ ва сув таъминоти тармоқлари ҳамда бошқа инфратузилма сезиларли даражада эскирган, кўпгина уйларда умуман канализация тизими мавжуд эмас», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ушбу уйлар ўрнида замонавий 7−9 қаватли бинолар қуриш таклиф этилмоқда, бунда уч баробар кўп одам яшаши мумкин бўлади. Янги хонадонларда замонавий коммуникациялар, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, канализация тизимини ўрнатиш режалаштирилган.

«Одамлар озода, шинам ва қулай муҳитда яшаш имконига эга бўлади. Шу орқали минглаб оилалар турмуш даражасини яхшилайди, энг муҳими — бундай қулайликларни биринчи марта айнан ўз маҳалласининг ўзида ҳис қилишади. Яна бир муҳим жиҳат — энергия тежаш. Зич қурилишда инфратузилма тармоқлари ва энергетик ресурслар анча самарали фойдаланилади», — дейилади хабарда.

Айни пайтда Ўзбекистонда реновация масалаларини тартибга солувчи ягона меъёрий ҳужжат мавжуд эмас. Халқаро тажриба асосида «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, у уч босқичли механизмни кўзда тутади.

Биринчи босқичда шаҳар ва туманларда реновацияга мос ҳудудлар аниқланади ҳамда тегишли лойиҳалар ишлаб чиқилади. Уй эгаларига янги уй-жой ёки компенсация таклиф этилади. Барча келишувлар ҳар бир мулкдор билан алоҳида тартибда нотариус орқали расмийлаштирилади.

Иккинчи босқичда реновация дастури ҳудудий ва республика кенгашларида кўриб чиқилади, қурилиш ташкилоти белгиланади.

Учинчи босқичда янги уйларни қуриш ва фойдаланишга топшириш ишлари амалга оширилади.

Реновация қамраб олган ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ҳам ошиши кутилмоқда. Янги уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш корхоналари ва кичик ишлаб чиқариш цехлари жойлаштирилади. Шунингдек, ҳисоб-китобларга кўра, ушбу тизимни жорий этиш орқали 20 минг гектар ерни тежаб қолиш мумкин.

Хусусан, реновациянинг биринчи босқичида 20 минг хонадон қуриш режалаштирилган.

Давлат раҳбари бундай лойиҳаларни аввало маҳаллий аҳоли манфаатларини инобатга олган ҳолда, аниқ шаклланган ва адолатли тизим асосида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Ушбу ишларни самарали ташкил этиш ва реновация тартиби бўйича масъул раҳбарлар, туман ҳокимлари ва уларнинг тегишли йўналишлар бўйича ўринбосарлари қўшимча ўқув курсларидан ўтишлари лозимлиги қайд этилди.

Реновация ҳудудларини инфратузилма билан таъминлаш, янги турар жой массивлари атрофида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Президент фармонига мувофиқ 2025 йил 1 мартдан Ўзбекистонда реновация доирасида кўп қаватли уйлар қуришнинг янги тартиби жорий этилган. Лойиҳаларни амалга ошириш фақат барча мулкдорларнинг нотариал розилигидан сўнг мумкин. Яшовчиларга компенсациянинг уч хил тури таклиф этилади. Реновация тартиби тўғрисидаги ҳужжат 2025 йил 1 сентябрга қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

2024 йил октябрь ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги 50 гектардан ортиқ майдонда реновация ишларини амалга ошириш бўйича тендерлар эълон қилган. Пойтахтда бўлиб ўтган халқаро меъморлик конгрессида бундай лойиҳаларни амалга ошириш принциплари, юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинган эди.

Бундан аввал сиёсий партиялар реновация тўғрисидаги қонун қабул қилинмагунча, уни амалга оширишга шошилмасликка чақиришган эди.