Қурувчи билан шартнома бекор қилинганда жарима ушлаб қолиш ноқонуний — Қўмита

Харидор ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда қурилиш компаниялари томонидан жарима ушлаб қолиниши қонунчиликка зид. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-август ойларида қурилиш ва кўп қаватли уйлардан уй-жой сотиб олиш масалалари бўйича 1000 га яқин мурожаат келиб тушган. Асосий шикоятлар янги қурилган уйларнинг ўз вақтида топширилмаслиги, шартнома шартларининг бажарилмаслиги ва эълон қилинган лойиҳаларнинг рекламага мос келмаслиги билан боғлиқ.

Текширувлар давомида баъзи қурувчилар шартномаларга, агар мижоз ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, ундан шартнома қийматининг ёки киритилган маблағларнинг 10%гача миқдорини жарима сифатида ушлаб қолишга имкон берувчи қоидаларни киритгани аниқланди.

Қўмита бундай талаблар Фуқаролик кодексига зид эканлигини таъкидлади. Унинг нормаларига кўра, зарар фақат унинг ҳақиқий мавжудлигида қопланади, кўп қаватли уйлар эса намунавий лойиҳалар асосида қурилади ва квартиралар бошқа харидорларга осонликча сотилиши мумкин. Бундан ташқари, юқори талаб ва нархларнинг ўсиши туфайли қурувчилар кўпинча зарар кўриш эмас, фойда олишади.

Фуқаролик кодексининг 260-моддасида неустойка (жарима, пеня) қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳоллардагина қўлланилиши белгиланган. Бироқ, аксарият ҳолларда истеъмолчи ўз тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажаради, қурувчи эса уй топширилгунга қадар қарздор бўлиб қолади, дейилади давлат органи хабарида.

«Шунинг учун истеъмолчи ташаббуси билан шартнома бекор қилинганда жарима ундириш ноқонуний ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Идора «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган шартнома шартлари ҳақиқий эмас деб топилишини эслатди.

Фуқаролар уй-жой сотиб олишда шартнома шартларини диққат билан ўрганиб чиқиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирилди. Агар харидор етарли ҳуқуқий билимга эга бўлмаса, юрист ёки адвокатга мурожаат қилиш тавсия этилади. Қонунбузарликлар аниқланган тақдирда, судга ёки ваколатли давлат органларига шикоят қилиш мумкин.

Текширувлар натижасида Рақобат қўмитаси 8 та шартноманинг бекор қилинишини, ноқонуний жарималарнинг бекор қилинишини ва фуқароларга 1,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағнинг қайтарилишини таъминлади.

Эслатиб ўтамиз, қўмита 2024 йилнинг тўлиқ бўлмаган даврида кўп қаватли уйлар қурилиши билан боғлиқ 1700 га яқин мурожаат қабул қилган. Кўрилган чоралар натижасида истеъмолчилар фойдасига 20 миллиард сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шартномалар таҳлилида 129 та қурилиш компаниясида қонунбузарликлар аниқланган.