
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2025 йил 23 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг эрта олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди, дея хабар берди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.
Қурол назорати
Депутатлар маълумотига кўра, сўнгги йилларда жамоат жойларида совуқ қуролни ноқонуний олиб юриш ҳолатлари кескин ошган, бу эса жамоат хавфсизлигига, фуқароларнинг тинч ҳаётига ва ҳуқуқ-тартиботни сақлашга таҳдид солмоқда.
Ҳужжат оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган шахсларга қурол сотиб олишни тақиқлайди. Шунингдек, ички ишлар органлари болаларга нисбатан зўравонлик қўллаган шахслардан қуролни вақтинча олиб қўйиши мумкин бўлган тартиб мустаҳкамланди.
Қонун лойиҳаси депутатлар гуруҳи томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида киритилган. У парламентда кўриб чиқилишидан олдин фракциялар иштирокида тўртта ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилган.
Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Улуғбек Шерматов биринчи ўқишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-2-моддасига (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш) янги санкция — 10 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўшиш таклиф қилинганини эслатди.
Депутатлар, ушбу норманинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, санкцияни 15 суткагача оширишни таклиф қилди. Модданинг амалдаги таҳририда ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиш ёки қилмасдан 1 дан 5 БҲМгача жарима назарда тутилган.
Наркоэкспертиза комиссиялари
Қонун чекка ҳудудларда наркологик экспертизалар ўтказиш учун ихтисослашган ва туман тиббиёт комиссияларини тузишни назарда тутади. Уларни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармалари бошлиқлари қабул қилади.
Яна бир ўзгартириш наркологик касалликлардан азият чекувчи шахсларни мажбурий даволаш тартиби билан боғлиқ. Бир марта маъмурий жавобгарликка тортилган наркологик касалликларга чалинган шахслар суд қарори билан даволанишга юборилиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонун расмий эълон қилингандан сўнг икки ой муддатда комиссиялар тузиладиган туманлар рўйхатини тасдиқлаши керак.
Ҳужжат муҳокамаси чоғида Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов лойиҳага комиссиялар фаолияти тартибини айнан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгилаш тўғрисидаги банд нега қўшилгани ҳақида савол берди.
«Гап янги комиссиялар ҳақида кетмоқда, ҳурматли спикер. Ҳозирча бундай комиссиялар йўқ. Улар қандай фаолият юритади? Буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгиласин. Биз вазирлик билан бирга ишладик. Улар туман тиббиёт бирлашмалари қошида фаолият юритиши тахмин қилинмоқда. Агар нарколог бўлмаса, у қўшни тумандан жалб қилинади. Таркиб қандай шаклланишини ёзиб қўйиш керак», — дея жавоб берди Шерматов.
«Аммо сизнинг вариантингизда бу йўқ эди, уни ўзингиз қўшдингиз», — дея қайд этди Нуриддин Исмоилов.
«Ҳа, биз қўшдик. Лойиҳани ташаббус сифатида киритганимизда, бу жиҳат ҳисобга олинмаган бўлиши мумкин. Аммо муҳокама давомида бунинг зарурлиги ҳақида хулосага келдик ва соғлиқни сақлаш вазирлиги буни қўллаб-қувватлади», — деди қўмита раиси.
Спикер ҳар бир ваколатни санаб ўтиш шарт эмаслигини таъкидлади: «Бошқаси муҳим: комиссия — бу хулоса берадиган орган… Унинг вазифалари ва шакллантириш тартибини белгилаш кифоя. Шунинг учун мен қонуннинг аввалги таҳририни қолдиришни таклиф қиламан», — деди Нуриддин Исмоилов.
Парламентарийлар қонунни қабул қилиб, Сенатга кўриб чиқиш учун юборди.
Ўзбекистон Президенти 2025 йил 18 августдаги қарори билан жиноят ҳолатлари юқори бўлган маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича манзилли чора-тадбирлар Концепциясини тасдиқлагани ҳақида хабар берилган эди.

