
Диққат! Жарималар базавий ҳисоблаш миқдорида (БҲМ) кўрсатилган ва унинг ўзгариши, жарималар миқдорига тўғридан-тўғри таъсир қилади. Актуал БҲМ билан ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Ўзбекистонда лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарималар тасдиқланди. Бу Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг 2024 йил 9 октябрда кучга кирадиган буйруғида назарда тутилган.
Маъмурий санкциялар интернет-ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари бўлган резидентларга ҳам, Ўзбекистон аҳолисига бундай хизматларни ноқонуний равишда кўрсатаётган хорижий юридик шахсларга ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон ҳудудида лицензиясиз интернетда қимор ўйинлари, лотереялар ёки букмекерлик фаолиятини ташкил этувчи хорижий юридик шахслар 25 минг базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) — бу 10,3 миллиард сўм миқдорида жаримага тортилади. Худди шундай жарима казино, шунингдек стационар ёки мобил ўйин заллари ва бошқа қимор муассасаларини очиш учун ҳам белгиланган.
Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилик талабларини бузганлик, шунингдек шахсий маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаганлик учун ташкилотчилар 15 минг БҲМ (6,18 миллиард сўм) миқдорида жарима тўлашга мажбур бўладилар.
Ноқонуний қимор ўйинларида иштирок этиш, лотерея чипталарини сотиб олиш ёки ставкалар киритиш учун пул маблағларини қабул қилиш 10 минг БҲМ (4,12 миллиард сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади. Худди шундай жазо қимор ўйинлари ва букмекерлик фаолияти соҳасида реклама қоидаларига риоя қилмаганлик учун ҳам назарда тутилган.
Бошқа қоидабузарликлар учун санкциялар ташкилотчи компаниянинг минимал устав капитали (МУК) улушидан келиб чиқиб ҳисобланади. Улар 35 турдаги қоидабузарликлар учун жаримага тортилиши мумкин. Улар орасида — лицензиянинг йўқлиги, хорижий серверлар орқали ўйинлар ўтказиш, вояга етмаганларни жалб қилиш, номларда «давлат» ва «миллий» сўзларидан фойдаланиш, шахсий маълумотларни сақлаш қоидаларини бузиш ва бошқалар бор.
Жарима миқдори минимал устав капиталининг 1% дан ошмаслиги мумкин. Лицензия олиш талабларига кўра, интернетда қимор ўйинлари ва ставкалар (букмекинг) ташкилотчилари учун устав капитали камида 56,25 миллиард сўм (150 минг БҲМ), лотереялар учун — камида 20,62 миллиард сўм (55 минг БҲМ) бўлиши керак. Шунингдек захира фонди ҳам назарда тутилган: қимор ўйинлари учун 25,5 миллиард сўм (75 минг БҲМ) ва лотереялар учун 13,6 миллиард сўм (40 минг БҲМ).
Барча молиявий операциялар Ягона давлат ставкалар ва ўйинчилар реестри орқали амалга оширилиши керак. ЯДЎР ўйинчилар рўйхатини, чекловларни, молиявий операцияларни, ютуқларни тўлашни ўз ичига олади. ИЛМА ўйинчиларнинг пул маблағлари суммасига ойлик лимитлар ўрнатиши мумкин.
Шу билан бирга, жарима суммасининг 50% давлат бюджетига, қолган 50% эса ИЛМАнинг тижорат банкидаги шахсий ҳисобварақларига ўтказилади. Ҳужжатда жарима тўлаш қоидабузарни қонунчиликка риоя қилмаганлик учун жавобгарликдан озод этмаслиги назарда тутилган.
Агентлик жарима тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишда қуйидаги омилларни ҳисобга олади:
- қоидабузарликларнинг тизимлилиги ва давомийлиги (агар қоидабузарлик икки марта ва ундан кўп содир этилган бўлса);
- ўйинчиларнинг молиявий аҳволи учун оқибатлари;
- жарима қўллаш натижасида қоидабузарликларни бартараф этиш эҳтимоли;
- аниқланган қоидабузарликлар ёки камчиликларнинг сабаблари;
- аввал қўлланилган ундирув чораларининг самарадорлиги.
Йиғилган жарималар давлат бюджети ва ИЛМАнинг тижорат банкидаги махсус ҳисобварағи ўртасида тенг тақсимланади. Бунда жарима тўлаш қоидабузарларни қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликдан озод этмайди.
Жарима тайинлаш тўғрисидаги қарор агентлик директори томонидан санкцияларни қўллаш масалалари бўйича ишчи комиссия хулосаси асосида қабул қилинади.
Қарор нусхаси қоидабузарларга уч иш куни ичида ёзма шаклда юборилади. Ҳужжатда жарима суммаси, тўлаш муддати ва зарур реквизитлар кўрсатилади. Жаримани тўлаш муддати — 15 кун.
Интернет-ўйинлар, лотереялар ва ставкалар ташкилотчилари, шунингдек ИЛМА қарорига рози бўлмаган хорижий юридик шахслар уни шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бунга қарор нусхасини олган пайтдан бошлаб 15 кун муддат берилади. Шикоятни агентликнинг апелляция кенгашига ёки суд органларига бериш мумкин.
Агентлик шунингдек, қоидабузарлар ва қўлланилган чоралар ҳақидаги маълумотларни ОАВда эълон қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Жарималар рўйхати
Қоидабузарлик тури | Жарима (МУК улушида) | Жарима миқдори (сўмда) (букмекерлик учун) |
Лицензияни тўхтатиб туриш даврида қимор ўйинларини ташкил этиш | 1% | 562,5 млн |
Лицензиатда лицензияси бўлмаган қимор ўйинлари турини ташкил этиш | 1% | 562,5 млн |
Ўйинларни Ўзбекистонда жойлашмаган платформада ташкил этиш | 1% | 562,5 млн |
Стационар ёки кўчма ўйин заллари, казино, ўйин автоматлари заллари ва ҳ.к. ташкил этиш (лотерея чипталарини сотиш пунктларидан ташқари) | 1% | 562,5 млн |
Мулкдорлар ва бенефициарларга нисбатан талабларга риоя қилмаслик | 1% | 562,5 млн |
Лицензияда кўрсатилмаган домен номидан фойдаланиш | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Раҳбарлик ва асосий лавозимларга номзодларни ИЛМА билан келишмаслик | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Ахборотни ҳимоя қилиш талабларини бузиш | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Шахсий маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш талабларига риоя қилмаслик | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Вояга етмаганларга хизмат кўрсатиш | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Вояга етмаганларнинг ҳисобварақларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоблар ўтказиш (ставкаларни қабул қилиш, лотереяда иштирок этиш учун тўлов, ютуқ тўлаш) | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Қиморга қарамлар рўйхатига ёки чекловлар реестрига киритилган шахсларга хизмат кўрсатиш | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Лотерея чипталарини сотиш пунктларини жойлаштириш талабларини бузиш | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Ўйинлар, лотереялар ва букмекерлар рекламасига қўйилган талабларни бузиш | 0,8% (бир йил ичида такрорланса 1%) | 450 млн (562,5 млн) |
Устав капиталини МУКдан паст даражага тушириш | 0,8% | 450 млн |
Устав капиталини шакллантириш учун кредитлар ва гаров маблағларидан ёки ноқонуний йўл билан олинган пуллардан фойдаланиш | 0,8% | 450 млн |
Лицензияни ёки лицензия ҳуқуқларини бошқа шахсга бериш | 0,8% | 450 млн |
Ўйинларни ташкил этувчи компаниядаги улушни бошқа шахсларга сотишни ИЛМА билан келишмаслик | 0,8% | 450 млн |
Битимларни тузиш, уларни бекор қилиш ва мукофотларни тўлаш ҳақидаги маълумотларни ЯДЎР операторига тақдим этмаслик | 0,7% (такрорланса 1%) | 393,75 млн (562,5 млн) |
Битимлар ва уларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни қонунчилик ёки ЯДЎР ички ҳужжатларини бузган ҳолда узатиш | 0,7% (такрорланса 1%) | 393,75 млн (562,5 млн) |
Букмекерлар томонидан ставкаларни қабул қилиш қоидаларини бузиш (профессионал спортга алоқадор бўлмаган ёки болалар ва ўсмирлар мусобақаларига ставкалар) | 0,7% (такрорланса 1%) | 393,75 млн (562,5 млн) |
Ўйин қурилмаларини сертификатлаш талабларига риоя қилмаслик | 0,7% | 393,75 млн |
Носоз ёки сертификатланмаган дастурий таъминотдан фойдаланиш | 0,7% | 393,75 млн |
Тасдиқланган технологиялар ва ускуналардан, жумладан, тасодифий сонлар генераторларидан фойдаланмасдан лотереялар ўтказиш | 0,7% | 393,75 млн |
Ўйинчилар ва мижозларни идентификациялаш талабларини бузиш | 0,4% (такрорланса 0,8%) | 225 млн (450 млн) |
ЯДЎРга уланмасдан пулларни (ставкалар, чипталар учун тўловлар) қабул қилиш | 0,4% (такрорланса 0,8%) | 225 млн (450 млн) |
Ўйинчиларга кредитлар ёки қарзлар бериш, кредит ташкилотлари билан ўйинчиларга кредит бериш бўйича шартномалар тузиш | 0,4% (такрорланса 0,8%) | 225 млн (450 млн) |
Ўйинларда иштирок этиш учун пул қабул қилиш лимитларига риоя қилмаслик | 0,4% (такрорланса 0,8%) | 225 млн (450 млн) |
Ютуқларни тўлаш муддатларига риоя қилмаслик | 0,4% (такрорланса 0,8%) | 225 млн (450 млн) |
Лицензиат фаолиятига оид маълумотларни ИЛМАга муддатида тақдим этмаслик | 0,1% (такрорланса 0,3%) | 56,25 млн (168,75 млн) |
Ташкилот номи ёки рамзида «давлат», «миллий», «Ўзбекистон» сўзларидан ва/ёки Ўзбекистон шаҳарлари номларидан фойдаланиш | 0,1% (такрорланса 0,3%) | 56,25 млн (168,75 млн) |
Террорчиликни молиялаштиришда иштирок этувчи ёки бунда айбланаётган шахсларга ўйинларга рухсат бериш | Ҳар бир ҳолат учун 0,1% (такрорланса ҳар бир ҳолат учун 0,3%) | 56,25 млн (168,75 млн) |
Ички назорат қоидалари талабларини бузиш | Ҳар бир ҳолат учун 0,1% (жами 1% дан ошмаслиги керак) | 56,25 млн |
ИЛМАнинг қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларини бажармаслик | 0,3% (такрорланса 0,8%) | 168,75 млн (450 млн) |