
Тошкентда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишнинг навбатдаги ҳолати юз берди, деб хабар қилди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда икки фуқаро автомобилларда итларни босиб кетаётгани акс этган видео тарқалди. Бошқарма маълумотларига кўра, воқеа 2026 йил 5 апрель куни соат 23:00 атрофида Учтепа туманидаги бозорлардан бирида содир бўлган.
Аниқланишича, итларни автомобилда босиб кетган шахслар бозорнинг икки қўриқчиси — 29 ёшли Т. М. ва 30 ёшли М. Д. бўлган.
Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1,2 млн сўмдан 2,06 млн сўмгача) жарима кўзда тутилган.
Тўпланган материаллар жиноят ишлари бўйича туман судига юборилди.
Аввалроқ фаоллар ҳайвонларга нисбатан ваҳшиёна ҳаракатлар тез-тез содир бўлаётгани фонида ушбу жиноятлар учун жазони кучайтиришни талаб қилиб, онлайн петицияга имзо йиғишни бошлаган эдилар.
Ўзбекистон Экопартияси ушбу соҳани тартибга солишга «тизимли ва мажмуавий ёндашув»ни таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасини тайёрлаётганини маълум қилди.
Президент томонидан 25 март куни имзоланган қонунга кўра, 28 июндан бошлаб ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ ўзгартиришлар кучга киради. Ҳайвонларни ғаразли ёки бошқа ниятларда қийнаш ёки уларга азоб бериш учун БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача жарима белгиланади (ҳозирда 3 бараваридан 5 бараваригача).
Худди шундай ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса ёхуд вояга етмаган шахс ҳузурида содир этилса ёки ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда 5 бараваридан 10 бараваригача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси берилиши мумкин (ҳозиргидек).