
Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида вазни 35 кг дан ортиқ бўлган гиёҳвандлик моддаларининг контрабандасига чек қўйилди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Чегара қўшинлари ва тезкор ходимлар икки нафар фуқарони (23 ва 28 ёшли) қўшни давлат ҳудудидан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётган вақтида қўлга олишди. Уларнинг иккита спорт сумкасидан 4,88 кг опий ва 19,86 кг гашиш, шунингдек, 380 қути тамаки маҳсулотлари топилиб, олиб қўйилди.
Қўлга олинганларга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 246-моддаси (Контрабанда) ва 273-моддаси (Гиёвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилди. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Сурхондарё вилоятида эса уч нафар фуқаро (48, 45 ва 22 ёшли) чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Амударёдан автомобиль шинаси камераси ёрдамида сузиб ўтаётган вақтида ушланди.
Текширув давомида уларнинг сумкаларида 2,7 кг опий ва 8,25 кг гашиш борлиги аниқланди.
ДХХ маълумотларига кўра, курьерларга гиёҳвандлик моддаларини белгиланган манзилга етказиб бергани учун юкнинг ҳар бир килограми учун 200 доллардан пул мукофоти ваъда қилинган.
Қоидабузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 246-моддаси (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, улар қамоққа олинди.