
2026 йил 1 январдан бошлаб Германиянинг 17 ёшдан 45 ёшгача бўлган барча эркак жинсига мансуб фуқаролари, агар хорижга уч ойдан кўпроқ муддатга чиқишни режалаштирсалар — хоҳ ўқиш, хоҳ иш ёки узоқ давом этадиган саёҳат бўлсин — Бундесвердан рухсат олишлари шарт. Бу ҳақда BBC News ва Berliner Zeitung хабар бермоқда.
Ушбу талаб ҳарбий хизматни модернизация қилиш тўғрисидаги қонун доирасида кучга кирди. Янги қоида 2026 йил 3 апрель куни Frankfurter Rundschau газетаси бу ҳақда ёзгунига қадар кенг жамоатчилик учун сезилмай қолган эди. Ҳозирча ушбу қоида қандай қўлланилиши ва қоидабузарларга нисбатан қандай чора кўрилиши номаълумлигича қолмоқда, деб қайд этади BBC.
Мудофаа вазирлиги вакили BBC’га берган интервьюсида ушбу чорадан кўзланган мақсад «ҳарбий рўйхатга олишнинг ишончли ва самарали тизимини таъминлаш» эканини айтди. «Фавқулодда вазият юз берганда, биз ким узоқ вақт давомида чет элда бўлиши мумкинлигини билишимиз керак», — деди.
Баёнотда айтилишича, бу ёшлар учун «узоқни кўзловчи» оқибатларга олиб келиши мумкин ва истиснолар ҳақидаги қоидалар «жумладан, кераксиз бюрократиядан қочиш мақсадида» ишлаб чиқилаётгани таъкидланган.
Ушбу талабнинг ҳуқуқий асоси Германиянинг 1956 йилдаги Ҳарбий мажбурият тўғрисидаги қонунига асосланган бўлиб, у бир неча бор ўзгартирилган, охирги марта — 2025 йилнинг декабрь ойида.
Сўнгги ўзгартиришгача, чет элда узоқ вақт қолиш ҳақида хабар бериш мажбурияти фақат Германия миллий мудофаа ёки сафарбарлик ҳолатида бўлган даврларда қўлланилар эди, деб тушунтиради BBC.
Ҳарбий хизматни модернизация қилиш тўғрисидаги қонун Бундесвер армияси шахсий таркибини 2035 йилгача ҳозирги тахминан 180 мингдан 260 минг кишигача кўпайтиришни назарда тутади.
2025 йил декабрь ойида Германия парламенти ихтиёрий ҳарбий хизматни жорий этиш учун овоз берди — бу шуни англатадики, 2026 йил январдан бошлаб барча 18 ёшлиларга ҳарбий хизматга киришга қизиқишлари бор-йўқлиги ҳақидаги саволнома юборилади.
2027 йил июлдан бошлаб улар уруш бошланган тақдирда хизматга яроқлилигини аниқлаш учун жисмоний тайёргарликдан ўтишлари керак бўлади.
Аёллар ҳарбий хизматга киришлари мумкин, бироқ Германия конституциясига кўра, бу фақат ихтиёрий асосда амалга оширилади.
Гарчи режа армияда ихтиёрий асосда хизмат қилишни назарда тутса-да, хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашган ёки кўнгиллилар сони етарли бўлмаган тақдирда, мажбурий ҳарбий хизматни жорий этиш имконияти кўриб чиқилиши мумкин.
Бошқа Европа давлатлари сингари, Германия ҳам 1990-йилларда ўз қуролли кучларини қисқартирган эди. Совуқ уруш даврида унинг армияси қарийб ярим миллион кишидан иборат эди.
Германияда мажбурий ҳарбий хизмат 2011 йилда канцлер Ангела Меркель даврида бекор қилинган.
Ҳозирги канцлер Фридрих Мерц Германия ҳукумати Европа қитъасидаги хавфсизлик муҳитининг хавфлироқ бўлиб қолгани сифатида таърифлаётган вазиятга жавобан Германия армиясини Европадаги энг кучли армияга айлантиришга ваъда берди.