Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 25 февраль куни қарор қабул қилиб, Қашқадарё вилояти маъмурий маркази Қарши шаҳрининг бош режасини тасдиқлади.
Янги бош режага мувофиқ, кейинги 17 йил ичида Қарши Косон, Қарши ва К Кўкдалин туманлари ҳисобига деярли икки баробар кенгаяди. Ҳозирги вақтда Қарши шаҳар ҳудуди 8308,9 га ни ташкил этади. 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 11 026,8 га га, 2042 йилга келиб эса 16 073,6 га га етади.
Шаҳар аҳолиси сони 283,15 минг кишидан 2030 йилга бориб 400 минг кишигача, 2042 йилга келиб эса 470 минг кишигача ўсиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан, уй-жой фонди ҳажми ҳозирги 3,9 миллион кв. метрдан биринчи босқичда 7,2 миллион кв. метрга, 2042 йилга келиб эса 10,8 миллион кв. метрга етказилади.
Натижада, ҳар бир аҳоли учун уй-жой билан таъминланганлик даражаси ўртача 14,1 кв. метрдан 2030 йилга келиб 18 кв. метрга, 2042 йилгача эса 23 кв. метрга ўсади.
Шаҳардаги 2−5 қаватли уйларнинг умумий уй-жой фондидаги улуши сезиларли даражада камаяди, шу билан бирга 7, 12, 14 ва 16 қаватли уйлар сони кўпаяди. Бундан ташқари, 9 ва 20 қаватли бинолар ҳам қурилиши режалаштирилган, деб хабар берди Qashqadaryo газетаси.
Қарши бош режасига кўра, ижтимоий соҳадаги кўрсаткичлар мавжуд нормаларга мос равишда тез суръатда ўзгаради. Масалан, мактабгача таълим муассасаларидаги жойлар сони ҳозирги 11,8 мингтадан аввал 22 мингтага, кейин эса 29,14 мингтага оширилади. Умумтаълим мактаблари сиғими эса 38 мингта жойдан 64 мингтага ва кейин 74,26 мингтага етказилади.
Худди шундай, касалхоналар ва поликлиникалар, дўконлар ва овқатланиш муассасалари, клублар ва маданият саройлари, театр ва кинотеатрлар, меҳмонхоналар ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари қамрови ҳам кенгаяди.
Шаҳар магистрал кўчалари узунлиги (ҳозирда 88 км) 2030 йилга келиб 155,35 км ни, 2042 йилгача эса 291,33 км ни ташкил этади. Йиллик йўловчи ташиш ҳажми 96 миллион кишидан кейинги 6 йилда 160 миллионга, 17 йил ичида эса 235 миллионгача ўсиши кутилмоқда. Муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини, жумладан, сув таъминоти, газ, электр ва иссиқлик таъминоти ҳамда канализацияни жадал ривожлантириш режалаштирилган.
Қарши шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш ва атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни камайтириш мақсадида умумий фойдаланишдаги яшил майдонлар ҳажми 423 га гача оширилади. Бир киши ҳисобига 9 кв. метр яшил ҳудуд тўғри келади (ҳозирда 178,4 га ва 6,3 кв. метр). Санитария-ҳимоя зоналари ҳудуди эса 586,7 га га ва 12,48 кв. метргача кенгайиши режалаштирилган (ҳозирда 166,5 га ва 5,88 кв. метр).
Қарши шаҳрининг бош режаси «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқилган ва ҳукумат ҳузуридаги Республика меъморчилик ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан маъқулланган. Қашқадарё вилояти ҳокимлигига лойиҳани амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини уч ой ичида ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун тақдим этиш топширилди.