Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 23/06/2026

Футбол: Ўзбекистон Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида Португалияга йирик ҳисобда имкониятни бой берди (видео)

Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи ўйинида Португалияга мағлуб бўлди. 2026 йил 23 июнь куни Хьюстонда (АҚШ) бўлиб ўтган учрашув 0:5 ҳисобида якунланди.

Рақиб 6-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Жоау Канселу жарима майдончаси ичига тўпни узатиб берди, Криштиану Роналду эса аниқ зарба билан тўпни Абдувоҳид Неъматов дарвозасининг пастки бурчагига йўллади.

17-дақиқада португалияликлар устунликни икки баробарга оширишди. Одилжон Ҳамробеков жарима майдончасига яқин жойда қоидани бузди, шундан сўнг ҳакам хавфли стандарт вазият белгилади. Тўп ёнида Нуну Мендеш ва Криштиану Роналду туришган эди, бироқ ПСЖ ҳимоячиси зарба йўллади. Тўп айланиб бориб, чап устун ёнидан жой олди — 2:0.

29-дақиқада Ўзбекистон фарқни қисқартириши мумкин эди. Азизбек Ғаниев қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келди ва жарима майдончаси ташқарисидан кучли зарба билан тўпни дарвозанинг юқори бурчагига йўллади. Бироқ VAR текширувидан сўнг ҳакам голни бекор қилди: вазият бошланишида Аббосбек Файзуллаев томонидан қоида бузилгани қайд этилди.

Танаффусгача Португалия учинчи голни урди. 39-дақиқада Бруну Фернандеш жарима майдончаси ичида Криштиану Роналдуни топди, ҳужумчи ҳимоячилар назоратисиз қолиб, тўпни Абдувоҳид Неъматовдан ўтказиб юборди. Роналду учун бу гол ўйиндаги иккинчиси бўлди.

Иккинчи бўлимда Фабио Каннаваро иккита алмаштиришни амалга оширди: Акмал Мозговой Одилжон Ҳамробеков ўрнига, Ҳожиакбар Алижонов эса Шерзод Насруллаев ўрнига майдонга тушди.

60-дақиқада Португалия ҳисобни 4:0 кўринишига келтирди. Ҳимоячининг тўпни узоқлаштиришидан сўнг португалияликлар бурчак тўпига эга бўлишди ва уни Бруну Фернандеш ижро этди. Узатилган тўп Абдуқодир Ҳусановга тегиб, сўнгра дарвозабон Абдувоҳид Неъматовнинг қўлидан дарвоза тўрига бориб тушди.

Якуний ҳисобни 87-дақиқада Рафаэл Леау ўрнатди. Тўп унга жарима майдончаси олдида келиб тушди ва Португалия ҳужумчиси юқори бурчакка зарба берди — Неъматов тўпга ета олмади.

Икки ўйиндан сўнг Ўзбекистон терма жамоасида ҳозирча очко йўқ: биринчи турда Фабио Каннаваро шогирдлари Колумбияга 1:3 ҳисобида, иккинчи турда эса Португалияга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Португалия Ўзбекистон устидан қозонилган ғалабадан сўнг 4 очко жамғарди: бундан аввал жамоа ДР Конго билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Биринчи турда Ўзбекистонни мағлуб этган Колумбия эса иккинчи тур доирасидаги ўйинини кейинроқ ДР Конгога қарши ўтказади.

Гуруҳ босқичидаги сўнгги ўйинни Ўзбекистон терма жамоаси ДР Конгога қарши ўтказади. Ўйин 28 июнь куни Тошкент вақти билан соат 04:30 да бўлиб ўтади.

Гуруҳдан чиқиш имкониятлари расман сақланиб қолмоқда, бироқ фақат учинчи ўрин орқали. Бунинг учун Ўзбекистон сўнгги турда ДР Конгони мағлуб этиши ва бошқа гуруҳлардаги қулай натижалардан умид қилиши керак, чунки ЖЧ-2026 да плей-офф босқичига нафақат ҳар бир гуруҳнинг энг яхши иккита жамоаси, балки учинчи ўринни эгаллаган энг яхши 8 та терма жамоа ҳам йўл олади. Шу билан бирга, Колумбия ва Португалиядан учралган мағлубиятлардан кейинги тўплар нисбати туфайли Ўзбекистон учун нафақат ғалаба қозониш, балки имкон қадар голлар фарқини яхшилаш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлади.