
Тошкентда юз берган ЙТҲ оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Milliy TV телеканалининг «Миллар» дастури хабар берди.
Автоҳалокат 2026 йил 16 июнь куни соат 03:10 атрофида Учтепа туманидаги Тошкент ҳалқа автомобиль йўли чорраҳасида содир бўлган.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маълумотларига кўра, 24 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Lacetti автомобили чапга кескин бурилаётганда, юқори тезликда ҳаракатланаётган BYD автомобили билан тўқнашиб кетган. Электромобиль рулида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли ўсмир бўлган.
Lacetti ҳайдовчиси ва унинг 28 ҳамда 22 ёшли икки нафар йўловчиси оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. BYD ҳайдовчисининг аҳволига аниқлик киритилмаган.
Воқеа жойидан олинган тасвирларда йўлга сочилиб кетган автомобиль парчаларини кўриш мумкин. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тўқнашув оқибатида автобус бекати конструкциясига ҳам шикаст етган.
Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилди.