
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди 2026 йил 13 май куни Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашган Бухоро вилоятида яшовчи 34 ёшли М. Б.га нисбатан ҳукм чиқарди.
Ҳужжатга кўра, М. Б. 2022 йилдан буён Россияда мавсумий ишларда бўлган. 2024 йил баҳорида Россия полицияси томонидан ҳибсга олинганидан сўнг, у РФ Қуролли Кучлари сафига қўшилган ва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган.
М. Б. Владивостокдаги ҳарбий қисмга етиб бориб, РФ Мудофаа вазирлиги билан бир йил муддатга ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида шартнома имзолаган. У Владивостокда хизмат қилган, кейинчалик Запорожье вилояти ва Донецк вилоятининг Новополь қўрғони ҳудудларидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган.
2025 йил июль ойида Новополь қўрғони яқинида М. Б. капсула-детонатор портлаши оқибатида ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғидан жароҳат олган ҳамда Ростов ва Хонқаладаги ҳарбий госпиталларда даволанган.
2025 йил 10 октябрда М. Б. Россиядан Қозоғистонга чиқиб кетган, у ердан эса таксида Ўзбекистонга қайтиб келган.
Когон шаҳар ИИБ ходимлари билан суҳбат чоғида у РФ Қуролли Кучлари билан шартнома тузгани ва Украинага қарши урушда қатнашганини маълум қилган. Эркак терговга ўзининг Россия ҳарбий кийимидаги фотосуратларини ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги шартнома нусхасини тақдим этган.
Судланувчининг кўрсатмалари
М. Б.нинг сўзларига кўра, у илк бор Россияга 2010 йилда ишлаш учун келган, охирги марта эса 2022 йил декабрь ойида Владивостокка етиб бориб, таксичи бўлиб ишлаган.
Судланувчининг кўрсатмаларидан маълум бўлишича, 2024 йил апрель ойида у икки нафар йўловчини олиб кетаётган бўлган, улар ундан Россия ва Украина ўртасидаги урушга муносабати ҳақида сўрашган. Кейинчалик эркаклар ўзларини полиция ходимлари деб таништирган ва ундан ҳужжатларини сўраган.
«Владивостокда муайян яшаш манзили бўйича рўйхатдан ўтмаганим маълум бўлди. Улар ҳужжатларда қоидабузарликлар борлигини айтишди, шундан сўнг ичида гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда бўлган оқ полиэтилен пакетни кўрсатиб, гўёки уни менинг автомобилимдан топишганини даъво қилишди», — деб ҳикоя қилган М. Б.
Полициячилар у Россия томонида туриб урушга жўнаб кетиши кeраклигини айтишган. Акс ҳолда, судланувчининг таъкидлашича, унга 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан таҳдид қилишган. Шундан сўнг у Владивостокдаги ҳарбий қисмга бориб, РФ Қуролли Кучлари билан шартнома имзолаган.
М. Б. асосан ҳайдовчи бўлиб хизмат қилгани, ҳарбий хизматчилар, қурол-яроғ ва озиқ-овқат маҳсулотларини Владивостокдан Запорожье вилоятига ташигани, шунингдек, туннеллар қазиганини айтган. Унга АК-74 автомати берилган.
2025 йил июль ойида, эркакнинг сўзларига кўра, у фаол жанговар ҳаракатлар давом этаётган Новополь қўрғонига юборилган. У ерда у кўплаб ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани ва ҳудуд портловчи мосламалар билан тўла эканлиги ҳақида эшитган. Унга жанговар вазифаларни бажариш ҳам топширилган.
«Келганимдан бир кун ўтиб, ҳалок бўлишим мумкинлигидан қўрқиб қолдим», — деган М. Б. судда.
Фронтни тарк этиш ва жангга қайта юборилишдан қочиш учун у қасддан ўзига жароҳат етказишга қарор қилган. «Урушдан кетиш учун ёнимда бўлган капсула-детонатордан портловчи мослама ясадим ва у билан бармоғимнинг бир қисмини портлатдим», — деган судланувчи.
У ҳарбий госпиталларда даволанган ва шартнома муддати тугагач, Россияга қайтарилган. Кейинчалик у Ўзбекистонга қайтиш йўлларини излай бошлаган ва танишлари билан маслаҳатлашган.
Унинг сўзларига кўра, шартнома тузилаётганда унга ойига 220 минг рубль миқдорида пул таъминоти ваъда қилинган. Аслида эса у турли ойларда 220 мингдан 250 минг рублгача пул олган. Пулнинг бир қисмини онасига юборган, қолганини шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.
Судда М. Б. айбига тўлиқ иқрор бўлган ва қилмишидан пушаймонлигини билдирган. У муқаддам судланмагани, жиноятни жиноий таъқиб қилиш таҳдиди остида содир этгани, оилавий шароити оғирлиги, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги ва оиланинг ягона боқувчиси эканлигини кўрсатиб, енгиллик беришни сўраган.
Ҳукм
Суд айбга иқрор бўлиш ва чин кўнгилдан пушаймонликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топди ва судланувчининг ҳаракатларида оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деган хулосага келди.
М. Б. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Ёлланиш) ва 154-1-моддаси 1-қисми (Чет эл давлатларининг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш) бўйича айбдор деб топилди.
Жиноятлар мажмуи бўйича жазоларни қисман қўшиш йўли билан суд М. Б.га жазони умумий тартибли колонияда ўташ шарти билан 3 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.