
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида аҳолидан пул талаб қилиб келган бир гуруҳ йигитлар қўлга олинди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
ИИВ маълумотларига кўра, муқаддам ўғирлик ва безорилик учун судланган 18 ёшли йигит жиноий мақсадларда тенгдошларини атрофига тўплаган. Тергов маълумотларига кўра, улар кўчаларда ўзларини «муаммо ҳал қилувчи етакчилар» деб таништириб, фуқароларни қўрқитишган, калтаклашган ҳамда уларнинг пуллари ва бошқа моддий бойликларини тортиб олишган.
Бошқа бир 18 ёшли йигит уларнинг доимий қурбонига айланган бўлиб, ундан мунтазам равишда пул бериб туриш талаб қилинган. Пул кечиктирилган тақдирда унга нисбатан жисмоний куч ишлатилган, оила аъзоларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилинган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, улар дастлаб жабрланувчидан 100 доллар, кейинги ойда 2,5 млн сўм, сўнгра 24,9 млн сўм олишган.
Кейинчалик зўравонлик йўли билан унинг зиммасига 14 минг доллар тўлаш мажбурияти юкланган. Ушбу суммадан 2000 долларни олаётган вақтда гуруҳ аъзолари ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Жиноий гуруҳга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси иккинчи қисми «б» ва «в» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.