Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 17/04/2026

Тошкентда иссиқ сув учун «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда: аҳоли учун нималар ўзгаради

Тошкентда иссиқ сув таъминоти тизимини модернизация қилиш дастури доирасида маълумотларни масофадан узатувчи замонавий ультратовуш (smart) ҳисоблагичлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Veolia Energy Tashkent компанияси ушбу қурилмаларни ўрнатиш жараёни ва уларнинг ишлаш тамойиллари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ҳисоблагичларни ўрнатиш графиги

Пойтахтнинг қатор туманларида ўрнатилаётган ушбу рақамли ҳисоблагичлар техник жиҳатдан маълумотларни масофадан узатишни қўллаб-қувватлайди. Қурилмалар амалдаги техник талабларга тўлиқ жавоб беради.

2025 йил давомида қарийб 43 мингта ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки икки ойида 13 мингга яқин қурилма қўйилди. Умуман олганда, 2026 йил якунигача 100 мингга яқин ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган.

Яқин вақт ичида Сергели-7 ва Қўйлиқ 1−7 мавзеларида (жами 20 мингта), шунингдек, Олмазор туманида ўрнатиш ишлари олиб борилади. Ҳозирда LoRaWAN маълумот узатиш тармоғи инфратузилмаси учта синов ҳудуди («ТЦ-2», «Водник», «Строитель»), шунингдек, Миробод ва Яккасарой туманларида ёйилган. 30 март ҳолатига кўра, 58 014 та ҳисоблагич алоқага чиқиб, кўрсаткичларни узатган.

Маълумот узатиш инфратузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • қабул қилувчи антенналар;
  • маълумот узатиш каналлари.

Хавфсизлик стандартлари

LoRaWAN — бу бутун дунёда «буюмлар интернети» (IoT) учун пойдевор бўлган стандартдир. У кам энергия сарфлаган ҳолда кичик ҳажмдаги маълумотларни узоқ масофаларга узатиш учун махсус яратилган симсиз алоқа протоколи ҳисобланади.

Очиқ жойларда сигнал 15 км ва ундан узоқроққа етиши мумкин, бироқ зич қурилган шаҳар шароитида масофа 2 кмдан 8 кмгачани ташкил этади. Чуқур ер тўлаларда ёки металл эшиклар ортида масофа 300−500 метргача қисқариши мумкин. Бундай ҳолларда сигналнинг «ўтувчанлик қобилияти»ни оширувчи мослашувчан тезлик (ADR) ва Relay (ретрансляция) технологиялари қўлланилади.

Ушбу қурилмаларнинг асосий афзалликларидан бири — батареясиз узоқ вақт ишлашидир. Улар хизмат муддати 10 йилдан 20 йилгача етиши мумкин, бу эса кўпинча ҳисоблагичнинг қиёсловдан ўтказиш муддатидан кўпроқ.

LoRaWAN ўз тоифасидаги энг ҳимояланган протоколлардан бири бўлиб, унда AES-128 икки даражали шифрлаш тизими қўлланилади. Ҳатто тармоқ оператори ҳам ҳисоблагич кўрсаткичларини кўра олмайди, уларни фақат маълумотлар эгасининг сервери шифрдан чиқариши мумкин.

Мутахассислар изоҳи

Veolia Energy Tashkent Ахборот технологиялари департаменти директори Руслан Латиповнинг таъкидлашича, ҳозирда ҳудудларни қамраб олиш ҳали юз фоиз эмас. Айрим биноларнинг конструктив хусусиятлари ва ташқи радиотехник шароитлар сигнал узатилишига халақит бериши мумкин.

Агар автоматик маълумот узатиш вақтинча имконсиз бўлса, ҳисоблагич сув сарфини ўлчашда давом этади ва маълумотларни ички хотирасида сақлайди. Алоқа тикланганидан сўнг, тўпланган кўрсаткичлар тизимга автоматик равишда юборилади. Бундай ҳолларда кўрсаткичлар қўл режимида (телефон ёки колл-марказ орқали) қабул қилинади.

Компания тижорат директори Константин Мерзляковнинг сўзларига кўра, «ақлли» ҳисоблагич — бу рақамли ҳисобга олиш моделига инвестиция. Ҳатто вақтинчалик қўлда киритиш ҳолатида ҳам, бу қурилмалар эскирган механик ҳисоблагичлардан фарқли ўлароқ, аниқ ҳисоб-китобни таъминлайди ва инсон омили таъсирини камайтиради. Истеъмолчилар ҳеч қандай қўшимча харажатлар қилмайдилар, ҳисоб-китоблар эса амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширилади.

Тармоқни кенгайтириш ва янги антенналарни улаш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда.