
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 6 апрель куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича тақдимот билан танишди.
Яширин иқтисодиётни қисқартириш чораларидан ташқари, ҳудудларда йирик солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, солиқ органларидан масофавий узоқлик сабабли 209 минг ҚҚС тўловчисига хизмат кўрсатиш ва уларни назорат қилиш самарадорлиги пасайган.
500 та стратегик бўлмаган корхонанинг солиқ назоратини вилоят даражасига, қишлоқ хўжалиги, савдо ва умумий овқатланиш соҳаларидаги 103 мингдан ортиқ корхонани эса туман даражасига ўтказиш таклиф этилмоқда. Ушбу ёндашув жойларда солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш ва назорат самарадорлигини кучайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Яна бир йўналиш тадбиркорлар учун маъмурчиликни соддалаштириш бўлиши керак. Сўровнома маълумотларига кўра, кўплаб тадбиркорлар текширишларнинг мураккаблиги, ҳисобот топшириш ва солиқ тўлаш жараёнларидан норози.
Шу муносабат билан автоматик камерал назоратни жазолаш воситасидан профилактика тизимига айлантириш, корхоналарни эса хавф даражасига қараб «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 6 турдаги ҳисоботни инсон иштирокисиз автоматик шакллантириш ва ягона солиқ ҳисобварағига ўтиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Ҳозирда ҳисобот топшириш муддатларини бузиш билан боғлиқ 198 мингта ҳолат қайд этилган, 14,7 минг солиқ тўловчи ҳисобот тақдим этмагани учун 396,6 млрд сўм жаримага тортилган, солиқ тўлаш учун ҳисобварақлар сони кўплиги сабабли 20 мингта хатога йўл қўйилган.
Янги тизим асоссиз солиқ қарздорликлари, ортиқча тўловлар ва пеняларни камайтириш имконини бериши, тадбиркорлар эса 8,4 трлн сўм маблағни тежаб қолиши кутилмоқда.
Кадрлар масаласи алоҳида кўтарилди. Йиғилишда сўнгги йилларда тизимда кадрлар кетиши кучайгани, малака ошириш даражаси пасайгани, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари етарлича самарали ишламаётгани қайд этилди. Агар 2022 йилда 3000 дан ортиқ ходим малака оширган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич атиги 700 нафарни ташкил этган.
Шу муносабат билан кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ академиясининг моддий-техник базасини кучайтириш чора-тадбирлари белгиланди.
Тақдимот якунида давлат раҳбари солиқ маъмурчилигида рақамли технологиялар, таҳлил ва сунъий интеллектга асосланган янги иш услубини жорий этиш, шунингдек, солиқ тизимининг «текширувдан сервисга» ўтишини таъминлаш бўйича топшириқ берди.
2026 йил январь ойи охирида президент Тошкент шаҳри солиқ органлари фаолиятини «мутлақо қониқарсиз» деб атаган эди. У бюджетнинг катта миқдордаги маблағлари йўқотилишига олиб келган «ҳомийлик» ва коррупция ҳолатларини кўрсатиб ўтди. Мирзо Улуғбек тумани ДСИ собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.