
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 6 апрель куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича тақдимот билан танишди.
Расмий маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда солиқ базаси кенгайгани туфайли тушумлар иқтисодиётга қараганда юқори суръатлар билан ўсмоқда. Халқаро валюта жамғармасига таяниб қайд этилишича, бундай натижаларга солиқ маъмурчилигини кучайтириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳисобига эришилмоқда.
Расмийлар 2030 йилга бориб солиқ тушумларини 491,5 трлн сўмга етказишни ва кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 28 фоиздан 19,6 фоизгача камайтиришни режалаштирмоқда.
Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, тушумлар ўсишининг асосий захираси яширин иқтисодиётни қисқартириш бўлиб қолмоқда. 2026 йилнинг ўзида рақамли таҳлил, сунъий интеллект ва «ақлли» назорат тизими ҳисобига бюджетга қўшимча 30 трлн сўм даромад таъминлаш вазифаси қўйилди.
Бу мақсадга савдо ва хизмат кўрсатиш, саноат, қурилиш ҳамда умумий овқатланиш каби соҳаларда «P2P-транзакциялар (картадан картага) мониторингини кенг қўллаш», товарларни маркировка қилиш, рақамли назоратни кучайтириш, рўйхатдан ўтмаган юк ташувларини автоматик аниқлаш, норасмий бандликни легаллаштириш ва бошқа механизмлар орқали эришиш режалаштирилган.
Бозорлар ва савдо мажмуаларига алоҳида эътибор қаратилди, у ерда рақамлаштириш ва назорат етарли эмаслиги қайд этилди. Ҳозирда бундай объектларда 72 мингдан ортиқ чакана савдо субъекти ишлайди. Шу билан бирга, уларнинг 38 мингдан ортиғи ойлик айланмасини 1 млн сўмдан кам деб кўрсатмоқда, 40 мингдан зиёди кунига атиги 2−3 та чек бермоқда, 12 мингта савдо нуқтаси бўйича эса ижара шартномалари ҳисобга қўйилмаган. Натижада 37 минг тадбиркор ҳар ой 500 минг сўмдан кам солиқ тўламоқда.
Шу муносабат билан президент бозорлар ва савдо мажмуалари фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, шунингдек, назорат механизмлари, солиқ органлари иши ва рақамли кузатувни интеграция қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Ўзбекистонда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ва рақамли назоратни кенгайтириш орқали яширин иқтисодиётга қарши кураш кучайтирилмоқда. 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва транспорт билан боғлиқ битимлар учун эскроу-ҳисобварақлар жорий этилган.
Ушбу санадан бошлаб айрим товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлаб бўлмайди — жумладан, алкоголь, тамаки, 25 млн сўмдан юқори харидлар ва ёқилғи қуйиш шохобчалари. Бу ҳолатларда кассадаги «нақд пул» тугмаси ўчириб қўйилади. Баъзи дўконлар чекловларни муддатидан олдин жорий қилди. Шу билан бирга, қонунчилик бўйича саволлар юзага келмоқда.
Параллель равишда рақамли маркировка тизимининг навбатдаги босқичи ишга туширилмоқда. Сув ва ичимлик ишлаб чиқарувчилари 1 апрелдан агрегация босқичини жорий этишни кечиктиришни сўрашди. Улар тармоқ техник жиҳатдан тайёр эмаслигини ва бу ишлаб чиқаришнинг тўхтаб қолишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлашди. Вице-премьер Давлат солиқ қўмитасига масалани зудлик билан ҳал қилишни топширди. Шунга қарамай, тизим ишга туширилди ва жойларда қийинчиликлар юзага келмоқда.
Вазиятни рақамли маркировка талабларини бузганлик учун жарималарни ҳисоблаш механизми мураккаблаштирмоқда. Амалдаги нормага кўра, жарималар компания айланмасига боғланган ва 20 фоизгача етиши мумкин, бу эса бизнес-омбудсман офиси қайд этганидек, сотувчининг биргина хатоси туфайли «100 фоизлик банкротликни англатади».
Ўзбекистон Марказий банки аввалроқ пул ўтказмаларига бўлган талабларни кучайтиришни таклиф қилган эди. Банклар юборувчи ва қабул қилувчи ҳақида тўлиқ маълумот тўплаши шарт бўлган операциялар чегарасини БҲМнинг 30 бараваридан 25 бараваригача — 10,3 млн сўмгача тушириш режалаштирилган. Янги қоидалар манзил ва туғилган санани ўз ичига олган қўшимча маълумотларни тўплашни назарда тутади.