Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 17/04/2026

Армияда хизмат қилаётганлар учун ўқиш ва ишга жойлашиш бўйича имтиёзлар жорий этилмоқда

2026 йил 6 апрель куни Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳузурида муддатли ҳарбий хизмат даврида касб-ҳунарга ўргатиш, таълим олиш учун шароит яратиш ҳамда армияда китобхонликни оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, муҳокама якунлари бўйича давлат раҳбари тегишли қарорларни имзолади.

Унга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшлар учун қатор имтиёз ва кафолатлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

Муддатли ҳарбий хизматчилар учун имтиёзлар

Муддатли ҳарбий хизматчиларга хизмат даврида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ва масофавий таълим олиш имконияти яратилади. Бунинг учун ҳарбий қисмларда таълим муассасалари билан ҳамкорликда абитуриентлар учун тайёрлов курслари ташкил этилади ҳамда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик тизими йўлга қўйилади.

Тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган аскарлар имтиёзли фоизсиз кредитлар олишлари мумкин бўлади. Олий таълим муассасаларига ўқишга кирган аскарлар ҳарбий факультет талабаларига тенглаштирилади, ўқишни тамомлагач эса уларга «захирадаги лейтенант» ҳарбий унвони берилади.

Хизматни намунали ўтаган, шунингдек, Республика ва халқаро спорт мусобақалари ҳамда фан олимпиадаларида биринчи ўринни эгаллаган аскарлар учун олий ўқув юртларига тест синовларисиз қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.

Яна бир имтиёз — хизмат даврида аскарлар учун «Бир аскар — бир касб» тамойили асосида 3−6 ойлик ўқув курсларини ташкил этиш ва давлат намунасидаги махсус сертификат бериш.

Муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ва хусусий секторда ишлаш ниятида бўлган ёшларга касбий таълим харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан ваучер асосида қоплаб берилади.

Давлат ташкилотларига ишга кириш истагини билдирганларга эса Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида қўшимча балл кўринишидаги 10 фоизлик имтиёз берилади.

Китобхонликка бўлган қизиқишни рағбатлантириш

Ҳарбий хизматчиларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини рағбатлантириш мақсадида жорий йилдан бошлаб ҳар йили Қуролли Кучларнинг барча тоифадаги ҳарбий хизматчилари ўртасида тўрт босқичли «Маънавият қалқони» Республика китобхонлик танлови ўтказилади.

Танловнинг биринчи босқичи ҳарбий қисм ва ҳарбий таълим муассасаларида, иккинчи босқичи ҳарбий округ, бирлашма ва йўналишларда, учинчи босқичи Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларда бўлиб ўтади. Якуний Республика босқичида саралаш турлари ғолиблари беллашадилар.

Якуний босқичнинг тўрт нафар ғолиби Қуролли Кучлар олий бош қўмондонининг асосий совғаси — электромобиль ва дипломлар билан тақдирланади. Совринли ўринларни эгаллаган ҳарбий хизматчилар, шунингдек, пул мукофотлари ва дипломлар билан ҳам рағбатлантирилади.

Хавфсизлик кенгашининг 2026 йил 13 январдаги йиғилишида президент шундай деган эди: «Ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилиш армиянинг янги қиёфасини шакллантиришнинг асосий шарти». Муддатли ҳарбий хизмат нафақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик, балки ёшларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши керак, токи улар жамиятда мустаҳкам ўрин эгалла олсинлар, деб таъкидлаган эди давлат раҳбари.