
2026 йил 3 апрель куни Тошкентда дизайн-кодни жорий этишга бағишланган матбуот анжуманида пойтахт ҳокимлиги ва «Tashkent Invest» компанияси вакиллари шаҳар бош меъмори иштирокида тижорат объектлари пешлавҳаларининг демонтаж қилиниши бўйича саволларга жавоб берди.
2026 йи 17 февраль куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши дизайн-кодни жорий этиш тўғрисидаги ҳужжатни тасдиқлаган эди. Унда жамоат жойларининг турлари ва чегаралари, уларни режалаштириш бўйича йўриқномалар, шаҳар дизайни элементлари ва тижорат кўчмас мулки объектларини жойлаштириш қоидалари, визуал идентификацияни шакллантириш, ҳаттоки дарахт ва буталарни танлаш кўзда тутилган.
Ҳужжатнинг кучга кириши май ойидан кутилмоқда — ҳужжатнинг ўзида кўрсатилганидек, расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач. Бироқ 2025 йилнинг ноябрь ойидаёқ шаҳардаги тадбиркорлик субъектларининг пешлавҳалари олиб ташлана бошлаган эди. Сабаб сифатида реклама жойи паспорти йўқлиги (ваҳоланки 1 кв. м гача бўлган пешлавҳалар ташқи реклама объекти ҳисобланмайди), шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фасадларини дизайн-кодга мувофиқлаштириш кўрсатилган.
Ушбу тадбирлар тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Spot нашри ёзишича, кўплаб бизнес эгалари пешлавҳалар йўқлиги сабабли уларнинг корхоналари танилувчанлиги пасайганини, оқибатда мижозлар оқими камайганини таъкидлаган.
Vaqt.uz нашри журналисти Нозима Қаршибоева бизнес вакилларининг муносабатини шаҳар маъмуриятига етказишга ҳаракат қилди. Тадбиркорлар «Биз дизайн-код жорий этилишига қарши эмасмиз», деб аниқ айтмоқдалар. Бироқ уларнинг баъзилари ўз тижорат объектлари пешлавҳалари олиб ташланиши ҳақида ишлар бошлаб юборилган вақтда ёки иш тугагандан кейин хабар топган.
«Ҳатто тадбиркор „Менда рухсатнома бор, ҳужжатларни кўринг“ деса ҳам, унга қулоқ солишмаяпти — пешлавҳани ечиб, олиб кетишяпти», — дея бир тадбиркорнинг фикрини мисол келтирди журналист. У шунингдек, ОАВ билан суҳбатда баъзи тадбиркорлар олиб ташланган пешлавҳаларининг нархини «тахминан 500−1000 доллар» деб айтганини қайд этди ва харажатлар қопланиб бериладими (айрим ҳолларда пешлавҳалар эҳтиётсизлик билан ечиб олинган) ҳамда бу билан ким шуғулланиши ҳақида сўради.
«Бу ишлар ҳали охирига етказилгани йўқ. Ҳозир ҳаммаси тартибга солинмоқда. Аввалги ва ҳозирги ҳолат ўртасидаги фарқни мисолларда ўзингиз кўрдингиз. Мақсад — қўшни ва туташ ҳудудларда ҳамма ҳар хил кўринишда бўлган хаос бўлмаслигидир. Ҳа, ҳар бир тадбиркор ўз товарини реклама орқали илгари суришни хоҳлайди, лекин бу қонун доирасида тартибга солиниши керак», — деди Тошкент шаҳар бош меъмори Ёдгор Икрамов.
У меъёрлар бўлиши кераклигини таъкидлади: пешлавҳа майдонининг неча фоизини ёзув эгаллаши, қайси ранглардан фойдаланиш мумкинлиги, унинг кечаси ва кундузи қандай кўриниши, кириш ва чиқиш жойлари қандай безатилгани — ҳаммаси ҳисобга олиниши лозим.
«Яқин вақт ичида буларнинг барчаси тартибга солинишига ишончим комил», — деди меъмор.
Журналист тадбиркорларни расмий хатлар орқали олдиндан огоҳлантириш керакмиди, деб яна бир бор аниқлаштирди.
«Ҳа, билдиришномалар бўлиши керак, оғзаки огоҳлантиришлар бўлган. Ҳозир буларнинг барчаси қўшимча равишда ишлаб чиқилмоқда, экспертизадан ўтмоқда ва тез орада кучга киради. Ишларни олдиндан бошлаганимизнинг сабаби — натижани тезроқ кўрсатиш ва қисқа вақт ичида ҳаммасини тартибга келтиришдир», — деб қайд этди бош меъмор.
«Tashkent Invest» компанияси раҳбарининг стратегик ривожланиш бўйича ўринбосари Рустам Қодиров ҳам ушбу саволга жавоб берди: «Мен ҳуқуқшунос эмасман, лекин сиз ёзма билдиришномалар ҳақида гапиряпсиз. Оддий мисол: 1 апрелдан қонунчиликда кўплаб ўзгаришлар юз берди. Масалан, тамаки маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиш мумкин эмас. Лекин ҳеч кимнинг уйига бу ҳақда огоҳлантириш хати бормади-ку, тўғрими?»
Журналист гап тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ҳақида кетаётганини такрорлади.
Рустам Қодиров 110 мингга яқин тадбиркор борлигини қайд этди. «Агар ОАВда эълон қилинган бўлса, тадбиркор ҳеч бўлмаганда бу билан озгина қизиқиши керак эмасми? Эълон қилинди-ку: дизайн-код жорий этиляпти — демак, нима қилиш кераклигини тушуниб олиш лозим. Одатда „Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди“, дейишади-ку», — деб баёнот берди «Tashkent Invest» раҳбари ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, баъзилар пешлавҳани имкон қадар каттароқ қилишни хоҳлашади, «бир неча километрдан кўриниб турсин — шунда мижоз кўп келади деб ўйлашади».
«Пешлавҳа бинога, унинг рангига мос бўлиши, умумий фон ягона бўлиши керак. Биз „бақироқ“ ранглардан воз кечмоқчимиз, чунки психологик нуқтаи назардан улар одамларга турлича таъсир қилади», — деди Рустам Қодиров.
Тошкент ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Қосимова тушунтиришича, агар инсон омили сабабли тадбиркорнинг ҳуқуқлари бузилган бўлса, у шаҳар ёки туман ҳокимлигига мурожаат қилиши ва товон пули талаб қилиши мумкин.
«Агар тадбиркор ушбу ҳудудда фаолият юритаётган бўлса, у шаҳарнинг дизайн-кодига мос келиши керак», — дея қўшимча қилди.
Spot нашрининг ёзишича, 2025 йил ноябрь ҳолатига кўра, «ноқонуний реклама»га қарши кураш ва дизайн-кодни жорий этишга тайёргарлик доирасида шаҳарда 2000 га яқин пешлавҳа олиб ташланган.
Тадбиркорлар нашр билан суҳбатда янги пешлавҳаларни қандай тартибда ва қайси қоидалар асосида ўрнатиш мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот берилмаганини таъкидлаганлар. Тижорат муассасаси эгаларидан бири «эҳтимол, аввал дизайн-кодни тасдиқлаб, амалга ошириш учун вақт бериб, кейин ким қилмаган бўлса, ўшаникини бузиш керакмиди», деган фикрни билдирган.
Яна бир тадбиркор пешлавҳа демонтаж қилингани ҳақида воқеа юз берганидан кейин хабар топишганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳеч қандай расмий ҳужжат, билдиришнома ёки огоҳлантириш тақдим этилмаган.