Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Видео 20/04/2026

ДХХ Андижон вилояти ҳокими ўринбосари қўлга олинган лавҳани эълон қилди

Андижон вилояти ҳокими ўринбосари 50 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

Идора маълумотларига кўра, давлат хизматчиси хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган.

У танишлари орқали Бобур шаҳридаги давлат захирасида бўлган 20 сотих ер майдонини аукционга чиқариш, савдоларда ғалабани таъминлаш, ерни аризачи номига расмийлаштириш ва қурилишга рухсат олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 50 минг доллар талаб қилган, дейилади хабарда.

ДХХ ходимлари ҳоким ўринбосарини ўз уйида пул олаётган вақтида ушладилар. Идора қўлга олиш ва пулларни топшириш жараёни акс этган видеони эълон қилди. Лавҳада амалдор пулларни санаётгани, сўнгра долларларни берган шахсга: «Бу қарз дейилади. Шундоқ нарса бор, биласизми?» деб айтгани кўринади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари у билан бирга уйга кирадилар ва у ерда амалдор олинган пулларни ётоқхонадаги шкаф ичидан олиб чиқади. Купюраларга «пора» сўзи ёзилган махсус белги қўйилган.

Андижон вилояти прокуратураси вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Исомиддин Исмоновга нисбатан жиноят иши қўзғатган. У 50 минг доллар олаётган вақтида фирибгарлик ва жуда кўп миқдорда пора олиш моддалари бўйича гумонланувчи сифатида ҳибсга олинган. Унга 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши мумкин.

Исомиддин Исмонов Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига 2025 йил декабрь ойида тайинланган эди. Бунга қадар у ИИВ тизимида ишлаган, жумладан, Тезкор-қидирув департаменти Тезкор вазиятни таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 2022—2025 йилларда Андижон вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлган.