
2026 йил 7 апрель куни 75 ёшида таниқли давлат ва жамоат арбоби Вячеслав Аркадьевич Голишев ҳаётдан кўз юмди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмий шахслар марҳумнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирдилар.
Вячеслав Голишев 1951 йил 4 майда Россиянинг Омск шаҳрида туғилган. 1972 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган, 1980 йилда эса М. Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини битириб, номзодлик диссертациясини ёқлаган.
Меҳнат фаолиятини полиграфия соҳасида иқтисодчи сифатида бошлаган, сўнгра Тошкент халқ хўжалиги институти, Ўзбекистон Давлат план комитети ҳузуридаги Иқтисодиёт ва нормативлар илмий-тадқиқот институти, Республика партия ва давлат органларида турли лавозимларда ишлаган.
1992—1995 йилларда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори ўринбосари, Давлат истиқболни белгилаш ва статистика қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлган. 2005—2006 йилларда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири, Иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
Вячеслав Голишев узоқ йиллар давомида президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига оид давлат дастурлари ва концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.
Бир неча бор Олий Мажлис депутати этиб сайланган.
У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи» фахрий унвони ва «Дўстлик» ордени билан тақдирланган эди.