
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон судлари томонидан 5000 дан ортиқ киши маиший зўравонлик учун жавобгарликка тортилди, дея хабар берди Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.
59−2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) бўйича 4952 киши жазоланган, улардан 3200 нафари жаримага тортилган, 1752 нафари қамоққа олинган.
Такроран ёки оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган оилавий (маиший) зўравонлик учун Жиноят кодексининг 126−1-моддасига асосан 231 киши судланган, улардан 65 нафари озодликдан маҳрум этилган, 166 нафарига бошқа турдаги жазо чоралари тайинланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси (жисмоний ва жинсий таъқиб) бўйича 986 киши жавобгарликка тортилган, улардан 358 нафари жаримага тортилган, 628 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Жиноят кодексининг 141−3-моддаси (шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, унинг ҳаётининг сир тутилган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор этиш) бўйича 99 киши судланган. Улардан 24 нафари озодликдан маҳрум этилган, 75 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо чоралари тайинланган.
2023 йил апрель ойида Ўзбекистон президенти аёллар ва болалар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликка ўзгартиришларни имзолаган эди. Улар кучга кирган пайтдан бошлаб, тўққиз ой ичида 9100 нафардан зиёд киши оилавий зўравонлик учун судланган, 2024 йилнинг 10 ойида 15 826 кишига ҳукм ўқилган. 2023 йилда 666 киши жинсий таъқибда, 48 киши эса шахсий маълумотларни тарқатганликда айбдор деб топилган.
Тошкент давлат юридик университети ҳуқуқшунослари Зайниддин Шамсиддинов ва Ўткирбек Ҳолмирзаев аввалроқ маиший зўравонлик ишлари бўйича суд амалиётини ўрганиб чиқишган ва баъзида тергов ва судлар жабрланувчиларни жазолаш, шунингдек, уларни ярашишга мажбур қилиш учун оилавий зўравонлик моддаларидан фойдаланишини аниқлашган.