
Абдуқаҳҳор Файзуллоевич Муллажонов Навоий вилояти прокурори лавозимига тайинланди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Ушбу тайинловга қадар у Тошкент вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Абдукаҳҳор Муллажонов 1976 йилда туғилган. Унинг отаси Файзулло Муллажонов 1991—2017 йилларда Ўзбекистон Марказий банкини бошқарган. У 2002 йилда Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган.
Прокуратура органларидаги меҳнат фаолиятини 2002 йилда Мирзо-Улуғбек тумани прокуратурасида бошлаган. Фаолияти давомида Тошкент прокуратурасида катта терговчи, Сергели тумани прокурори, Бектемир тумани прокурори, Сирдарё вилояти прокурорининг ўринбосари, Бош прокуратурада Вояга етмаганлар тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Навоий вилоятининг аввалги прокурори Азамат Мирзаев март ойи бошида Тошкент вилояти прокурори лавозимига тайинланган эди.