Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 31 январь куни янги божхона тўлов ставкаларини тасдиқлади, деб хабар бермоқда Божхона қўмитаси.
Ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни доирасида божхона йиғимлари ставкаларини Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари ва талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қабул қилинган.
Хусусан, маҳсулотларнинг божхона расмийлаштируви учун йиғим миқдори божхона органлари ҳаракатлари билан боғлиқ харажатларнинг тахминий қийматидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Бундан ташқари, «экспорт» ва «импорт» божхона тартибларида товарларни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғим ставкалари уйғунлаштирилди.
Иш вақтидан ташқари божхона расмийлаштируви учун олинадиган божхона йиғими миқдори 8 бараварга камайтирилди — 2 базавий ҳисоблаш миқдоридан (750 минг сўм) 25% БҲМгача (93,75 минг сўм).
Божхона ҳудудида ва ундан ташқарида қайта ишлаш божхона тартибларида олинадиган йиғим ставкаси икки бараварга камайтирилди.
Олдиндан декларация қилиш амалга оширилганда йиғим суммасидан 20% чегирма тақдим этилади.
Транзит божхона тартиби учун йиғим БҲМнинг 25% миқдорида белгиланди.
Халқаро курьер жўнатмалари учун 1 кг юк учун 2% БҲМ (7500 сўм) миқдорида йиғим жорий этилади. Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда фуқаролар учун курьер жўнатмалари бож тўловисиз 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳар бир календар чоракда олиб кириш нормалари амал қилади.
Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг маълум қилишича, янги йиғим ставкалари тадбиркорларнинг 700 миллиард сўм маблағини тежашга имкон беради.
Қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.