
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди 2026 йил 29 июнь куни Фарҳод автоэҳтиёт қисмлар бозорида содир этилган товламачилик иши бўйича 14 нафар айбланувчига нисбатан ҳукмни эълон қилди, деб хабар берди Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати.
Иш фигурантлари «содир этган жиноятларининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда» 3 йилдан 6,5 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Иш ҳолатлари ва муқаддам судланганлик мавжудлигидан келиб чиқиб, маҳкумларнинг бир қисми жазони қаттиқ тартибли колонияларда, қолганлари эса умумий тартибли колонияларда ўтайди.
2025 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Фарҳод кўчасида жойлашган автоэҳтиёт қисмлар бозорида товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб 12 киши қўлга олинган. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган эди.
Қўлга олинганлар орасида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган, 23 ёшдан 37 ёшгача бўлган шахслар бор бўлиб, уларнинг айримлари муқаддам судланган.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари эгаларининг розилигисиз автомобилларга қўшимча қурилмалар ва эҳтиёт қисмлар ўрнатиб, сўнгра таҳдид ва руҳий босим ўтказиш орқали бир неча баробар оширилган тўловни талаб қилишган.
Эпизодлардан бирида жиноятчилар бозор қиймати қарийб 600 доллар бўлган ишлар учун автомашина эгасидан 13,3 минг доллар талаб қилишган. Бошқа бир ҳолатда жабрланувчи 15 млн сўм, яна икки нафар автомобиль эгаси эса амалда кўрсатилмаган хизматлар учун 70 млн сўм тўлашга мажбур бўлган.