Кўчаларни ноқонуний тўсиш ва тўсиқ ўрнатиш учун жарималар жорий этилди

Ўзбекистонда кўчаларни ноқонуний тўсиш ва ҳаракатга тўсиқ бўладиган ускуналарни ўрнатганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу президент томонидан 2025 йил 10 апрель куни имзоланган қонунда назарда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги. Ҳужжат 2025 йил 11 апрелдан кучга киради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасига йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракатига тўсиқ яратиладиган тўсиқлар ва бошқа ускуналарни ноқонуний ўрнатишга оид норма киритилди. Бундай ҳуқуқбузарлик фуқароларга 5 баравар базавий ҳисоблаш миқдори (1,875 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 20 БҲМ (7,5 млн сўм) миқдорида жарима белгиланишига олиб келади.

Бундан аввал Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ноқонуний тўсиқлар ўрнатилиши йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини маълум қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, фуқаролар яшаш жойлари яқинида кўчаларда ўзбошимчалик билан тўсиқлар ўрнатмоқда, йўлларни тўсиб қўймоқда, бу эса тез ёрдам, ёнғин ўчириш ва бошқа махсус транспорт воситаларининг ҳаракатини чекламоқда ва қийинлаштирмоқда.

Шу билан бирга, сенатор Малика Қодирхонова бундай ҳаракатлар ноқонуний бўлса-да, маҳаллаларда хусусий клиникалар, боғчалар, мактаблар, дўконлар, масжидлар, ўйин майдонлари жойлашгани боис тўсиқ ўрнатувчи аҳолига маълум даражада тушуниш билан қараш мумкинлигини айтган.

Бетон, асфальт ёки пластмассадан ясалган «ётиқ полициячи»лар, шлагбаумлар каби сунъий нотекисликларни ўзбошимчалик билан ўрнатиш ҳолатлари аҳоли яшайдиган ҳудудларда, айниқса мактаб ва боғчалар яқинида кенг тарқалган.