Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Тошкент вилоятида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни иситиш тизимидан узиш бошланди

Махсус комиссия Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота ва Юқоричирчиқ туманларида иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни сунъий иситиш тизимларидан узишга киришди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Ишлар Экология қўмитаси раиси ва махсус комиссия раҳбари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида олиб борилмоқда. Қўмита Азиз Абдуҳакимовнинг шахсан ўзи фуқаролар билан тушунтириш ишларида ва иншоотларни демонтаж қилишда иштирок этаётгани акс этган видеони эълон қилди.

«Куз-қиш даврида кўплаб иссиқхоналар сунъий иситиш учун кўмир, мазут, автомобиль шиналари ва бошқа зарарли ёнилғи турларидан фойдаланган. Бу эса атмосферага белгиланган меъёрлардан ортиқ ифлослантирувчи моддалар чиқарилишига олиб келган ва нафақат атроф-муҳитга, балки аҳоли саломатлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатган, бу эса фуқароларнинг асосли эътирозлари ва шикоятларига бир неча бор сабаб бўлган», — дейилади қўмита хабарида.

Тадбиркорларга иссиқхоналарни Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига кўчириш шартлари тушунтирилди. «Шундан сўнг иссиқхоналар иситиш тизимларидан узилади, тегишли шартномалар эса бекор қилинади», — дея қайд этди қўмита.

ЭИЗ ҳудудига кўчиб ўтилган тақдирда, халқаро молия институтлари, мақсадли жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек, тижорат банклари маблағлари ҳисобидан иссиқхона хўжаликларига миллий ва хорижий валютада ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари 5 йилга, шу жумладан 3 йилгача бўлган имтиёзли давр билан узайтирилади. Бунда илгари тақдим этилган кафолатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларини компенсация қилиш тартиби сақланиб қолади, деб аниқлик киритди қўмита.

Шунингдек, 2028 йил 1 апрелга қадар иссиқхона конструкциялари ва ускуналарини демонтаж қилиш, ташиш ва қайта ўрнатиш харажатларини бир марталик компенсация қилиш назарда тутилган. Тўлов миқдори ер участкасининг ҳар бир сотиҳи учун 500 минг сўмгача бўлган маблағни ташкил этади.

2025 йил ноябрь ойида ҳаво сифатининг ёмонлашиши фонида Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги барча иссиқхоналарни зудлик билан газга ўтказиш бўйича қарор қабул қилинган эди. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхоналар ташкил этилишини чеклаш ҳам режалаштирилмоқда.

2026 йил май ойида Ўзбекистонда чиқиндиларни, шиналарни, резина, битум ва ёнилғи ҳисобланмайдиган бошқа материалларни, шу жумладан иссиқхоналарда ёқиш учун жарималар жорий этилди. Ўзгаришлар 5 августдан кучга киради. Жисмоний шахсларга 10,3 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса 20,6 млн сўмгача жарима солиниши мумкин.

Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия Ўзбекистон президентининг 2025 йил 25 ноябрдаги фармони билан ташкил этилган эди.