Ўзбекистонда йўлларда ноқонуний тўсиқ ўрнатиш ва уларни тўсиб қўйганлик учун жавобгарлик белгиланиши режалаштирилмоқда. Бу 2025 йил17 март куни Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонун лойиҳасида назарда тутилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, ноқонуний тўсиқларнинг ўрнатилиши йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Унинг сўзларига кўра, фуқаролар ўз яшаш ҳудудларида йўлларда ноқонуний равишда тўсиқлар ўрнатишмоқда, йўлларни тўсиб, тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа махсус транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чекловлар қўймоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддасига йўлларда ноқонуний тўсиқ ўрнатиш ва уларни тўсиш билан боғлиқ янги норма қўшилмоқда. Бу қоидабузарлик учун жисмоний шахсларга 5 базавий ҳисоблаш миқдори (1,875 млн сўм), мансабдор шахсларга эса 20 БҲМ (7,5 млн сўм) миқдорида жарима белгиланмоқда.
Сенатор Малика Қодирхонованинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар ноқонуний бўлишига қарамай, бундай тўсиқларни ўрнатувчи аҳолини тушуниш мумкин. Чунки маҳаллаларда хусусий клиникалар, болалар боғчалари, мактаблар, дўконлар, масжидлар ва ўйин майдончалари каби тижорий ва ижтимоий объектлар жойлашган.
«Кўп ҳолларда хусусий клиника ёки масжидга келган одамлар машина қўйиш учун жой топа олмай, ўз транспорт воситаларини маҳаллий аҳоли уйлари олдида қолдиришади. Бу эса аҳоли норозилигига сабаб бўлади. Улар бундай ҳолатлардан чарчаганларида кўчанинг бошида тўсиқлар ўрнатишади», — деди у.
Қодирхонова ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ноқонуний тўсиқлар олиб ташланганидан кейин бу муаммо қандай ҳал қилиниши ва уларни қонуний тарзда ўрнатиш тартиби қандай бўлишини сўради.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи, полковник Шерзод Ибрагимовнинг таъкидлашича, қонунга кўра, йўлларни тўсувчи тўсиқлар, тезлик чекловчи қурилмалар ва шлагбаумлар йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари ҳисобланади.
Йўл ҳаракати тўғрисидаги қонуннинг 23-моддасида қайд этилишича, йўлларда (йўл участкаларида) транспорт ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш тегишли ваколатли давлат органлари маълумоти асосида амалга оширилади.
Бунинг учун ЙҲХХ ва ФВВ билан келишув талаб этилади. Йўл ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш фақат ваколатли органларнинг қарорига асосан амалга оширилиши мумкин. Бундай чекловлар йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф, экстремал об-ҳаво шароити, фавқулодда ҳолатлар, ЙТҲ, тезкор-қидирув тадбирлари, оммавий тадбирлар ва ҳимояланган шахсларнинг ҳаракатланиши каби ҳолатларда жорий қилиниши мумкин.
Шунингдек, бетон, асфальт ёки пластикдан ясалган «ётиқ нотекислик»лар, шлагбаумларни ўзбошимчалик билан ўрнатиш ҳолатлари, айниқса, мактаб ва боғчалар олдида кенг тарқалган. Сенатор таъкидлаганидек, тегишли идоралар бу масалага етарлича эътибор қаратмаётгани ва ягона стандартлар ёки қоидалар мавжуд эмаслиги сабабли, аҳоли бу муаммони мустақил ҳал қилишга мажбур бўлмоқда.
Аввал хабар берилганидек, ушбу қонун билан йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун янги жарималар ҳам тасдиқланган. Хусусан, жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларга чиқиш учун жарималар жорий этилган. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоланадиган жойлар рўйхати ҳам кенгайтирилиб, унга тротуарлар, велосипед йўлаклари ва яшил ҳудудлар ҳам киритилган.