Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 февраль куни Йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жарима баллари жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжат йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш орқали жавобгарликни белгилайди ва жарима баллари ҳисобга олинишини назарда тутади.
Тузатишларга кўра, муайян йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун ҳайдовчига асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳам берилади. Бир қоидабузарлик учун ҳисобланадиган жарима балларининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.
Жарима баллари илк қоидабузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида ҳисобга олиб борилади. Бир йил ўтгандан сўнг йиғилган баллар автоматик равишда бекор қилинади.
Агар бир йил ичида жарима баллари миқдори 12 дан ошса, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлиши мумкин эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (28-модда) кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишнинг энг юқори муддати 3 йилгача этиб белгиланган, лекин бу муддат ўзгартирилиши мумкин.
Қандай қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади?
Қонунга мувофиқ, жарима баллари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги 34−1-моддасига асосан қуйидаги қоидабузарликлар учун ҳисобланади:
- 125-модда, 3-қисм – Тормоз тизими, руль бошқаруви ёки тиркама улагичи носоз ҳолда бўлган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш;
- 125-модда, 5-қисм – Эксплуатацияси белгиланган тартибда тақиқланган транспорт воситасини бошқариш ёки давлат рақам белгилари ўзбошимчалик билан олиб ташланган транспорт воситасини бошқариш;
- 126-модда – Ойналари кўзгусимон, қорайтирилган ёки кўришни чекловчи қопламалар билан жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариш;
- 127-модда, 1-қисм – Асоссиз равишда овозли сигнал бериш, ишлаб чиқарувчи томонидан назарда тутилмаган овозли ёки ёруғлик берувчи қурилмаларни ўрнатиш ёки уларни қайта жиҳозлаш;
- 128−3-модда – Ҳайдовчилар томонидан белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш;
- 128−4-модда, 2-қисм – Светофорнинг таъқиқловчи сигнали ёки ҳаракатни бошқарувчининг таъқиқловчи ишорасида ҳаракатланиш;
- 128−5-модда – Ҳайдовчилар томонидан ҳаракатга тўсқинлик ёки авария ҳолатини яратиш, қарши йўналишга чиқиш;
- 128−6-модда – Ҳайдовчилар томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;
- Янги 128−8-модда – Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш;
- Янги 128−9-модда – Транспорт воситаларини қоидабузарлик билан қувиб ўтиш тартибини бузиш;
- 129-модда – Йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланишда иштирок этиш;
- 130-модда – Ҳайдовчилар томонидан темир йўл ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиш;
- 137-модда, 1-қисм – Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойни белгиланган тартибда тарк этиш.
Изоҳ
Дастлабки версияда Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган моддалар келтирилган эди. Ҳужжат Сенатда келишув комиссияси томонидан кўриб чиқилгандан сўнг, улар ўзгартирилди.
Хусусан, 135-модда, 1-қисм қонундан чиқарилди. Унда ҳайдовчилик гувоҳномаси, рўйхатдан ўтказиш ҳужжатлари, мажбурий суғурта полиси (ОСАГО), тонировка учун рухсатнома, чет элдан олиб кирилган транспорт воситалари учун божхона органлари томонидан берилган ҳужжатлар, эгаси йўқлигида транспорт воситасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, мажбурий лицензиялар, йўл варағи ёки малака ошириш сертификати (белгиланган ҳолларда), ишончномалар, сотиш ва ижара шартномалари рўйхатдан ўтказилмаган ҳолда транспорт воситасини бошқариш назарда тутилган эди. Энди бу модда бўйича жарима баллари ҳисобланмайди.
Шунингдек, 128-модда ҳам рўйхатдан чиқарилди. Унда ҳайдовчилар томонидан пиёдалар йўлакчаси орқали ҳаракатланиш, йўл белгилари ва бошқа йўл ҳаракати қоидалари талабларига риоя қилмаслик назарда тутилган эди.
Жарима балларини қўллаш тартибини ҳукумат тасдиқлайди
Жарима балларининг миқдори ва қўллаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан белгиланади.
Қонунчилик палатаси ушбу қонунни қабул қилганида (2023 йил ноябрь), балларни E-jarimaball тизимида рўйхатдан ўтказиш таклиф қилингани маълум қилинган эди. Ҳайдовчида 8 балл тўпланганда, у SMS орқали огоҳлантирилади, 12 баллдан ошганда эса яна бир марта огоҳлантириш юборилади.
Масалан, 128−4-модда (қизил чироқда ҳаракатланиш) учун 2 жарима балли, 128−8-модда (қоидабузарлик билан қувиб ўтиш) учун 1,5 балл, 128−3-модда (ҳаракат тезлигини ошириш) учун 0,5 дан 2 баллгача, рухсатномасиз тонировка учун 1−2 балл белгиланиши таклиф қилинган эди.
Шунингдек, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо муддати тугагандан сўнг, ҳайдовчи гувоҳномасини олиш учун қайта имтиҳон топшириши талаб қилинишини режалаштиришган. Ҳозирча бу норманинг қонунда қайд этилгани ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорида кўрсатилиши номаълум.
Ҳужжат муҳокамаси вақтида сенатор Анвар Тўйчиев ишончнома асосида бошқарилаётган автомобиль учун жарима баллари кимга ҳисобланиши ҳақида савол берди.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоровнинг таъкидлашича, қонунчиликка мувофиқ, автомобиль яқин қариндошларга ишончномасиз берилиши мумкин.
Бу ҳолатда суғурта полисида қариндошлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Агар қоидабузарлик қайд этилса, автомобиль эгаси ЙҲХХга мурожаат қилиши мумкин. Шунда жарима баллари айнан қоидабузарлик содир этган ҳайдовчига ҳисобланади.
Унинг сўзларига кўра, ЙҲХХ тўлиқ интеграция қилинган ахборот тизими орқали ишончнома асосида бошқариш ҳуқуқини топширган шахслар ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятига эга.
Бундай ҳолларда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17−1-моддаси қўлланилади (йўл ҳаракати қоидаларининг махсус автоматлаштирилган фото- ва видеофиксация воситалари томонидан қайд этилган бузилиши учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги).
Хусусан, агар жаримага тортиш ҳақидаги қарор бўйича шикоят кўриб чиқиш жараёнида қоидабузарлик содир этилган пайтда машинани бошқарган шахс аниқланса, авто эгаси жаримадан озод этилади.
Жарима баллларини жорий этишда узоқ йўл
Жарима баллларини жорий этиш тизими 2018 йил май ойида қабул қилинган Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси (2018−2022 йиллар) доирасида режалаштирилган эди. Ушбу ҳужжат лойиҳасини 2019 йилда ишлаб чиқиш режалаштирилган.
2022 йилда қабул қилинган президент қарорига кўра, жарима балллари тизимини 2022 йил 1 декабрдан жорий этиш кўзда тутилган эди. 2024 йил ноябрь ойида ЙҲХХ тизимни тест режимида ишга туширишини, яъни жарималар ҳисобланмаган ҳолда қоидабузарликларни қайд этишни бошлашини маълум қилган. Ўша пайтда қонун лойиҳаси ҳали ҳам такомиллаштирилаётгани таъкидланган.
2023 йил ноябрь ойида Қонунчилик палатаси жарима балллари тизимини ишга тушириш учун зарур бўлган қонунни қабул қилди. 2024 йил август ойида эса Сенат уни қайта ишлаб чиқиш учун қайтарган.