2025 йил 24 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида электрон сигареталар (вейплар)ни Республикага олиб кириш ва муомалага чиқаришни тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилинди. Ҳужжат Сенатга юборилди.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда 2025 йил 7 январь куни қабул қилинган эди. Унда электрон никотин етказиб бериш тизимлари, жумладан, электрон сигареталар ва улар учун мойлар муомаласини (ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш ёки Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва чиқариш) тақиқлаш назарда тутилган.
Бундан ташқари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва никотин истеъмол қилиш қурилмалари, жумладан, электрон сигареталар муомаласига доир ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланади. Тақиқ фақат хушбўй ҳидли вейпларга тааллуқли бўлиб, тамаки иситиш тизимларига тегишли эмас.
Ҳужжатда шунингдек, мазкур соҳада жавобгарлик белгиланмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 186−1-моддаси (этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи ёки ишлаб чиқарилиши) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс (этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласи) тамаки иситиш тизимлари билан тўлдирилиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари ва электрон никотин етказиб бериш тизимларининг, жумладан, электрон сигареталарнинг ноқонуний муомаласи учун жиноий ва маъмурий жавобгарлик жорий этилиши таклиф қилинмоқда.
Шу билан бирга, айбни ихтиёрий равишда тан олиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берган ҳолатда ҳуқуқбузарни жавобгарликдан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров электрон сигареталарнинг зарари ва уларнинг ёшлар ҳамда қизлар орасида кенг тарқалаётганини таъкидлаган эди.
Иккинчи ўқишда депутат Тоҳир Полвонов парламент аъзоларининг таклифлари асосида масъул қўмита ҳужжат нормаларини «концепцияни сақлаган ҳолда» такомиллаштирганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, асосан техник ва таҳририй ўзгартишлар киритилган.
Қонун лойиҳаси моддалар бўйича муҳокама қилиниши ва овоз бериш жараёнида ҳеч бир депутат савол бермади. Иккинчи ўқишда қонуннинг барча моддалари ва ўзи бир овозга ҳам қарши чиқилмасдан қабул қилинди. 135 депутат «ҳа» деб овоз берди, 2 нафари бетараф қолди, 1 киши овоз бермади, қарши чиққани бўлмади.
Қонунни учинчи ўқишда қабул қилиш ва уни Сенатга юбориш учун 133 депутат овоз берди, қарши чиққан ва бетараф қолганлар бўлмади, 5 депутат овоз бермади.
Эндиликда ҳужжат Сенат томонидан маъқулланиши керак, шундан сўнг у президентга имзолаш учун юборилади.
Эслатиб ўтамиз, «Миллий тикланиш» партияси мазкур қонун лойиҳасини аввалги чақириқда қабул қилдиришга ҳаракат қилган, аммо «лоббистлар» туфайли бунга эришилмаган эди.
«Бу қонунга қарши яна лоббистлар бўлади, биз бунга аввалги чақириқда гувоҳ бўлдик. Яна жиддий босимлар бўлади», — деди партия раҳбари Алишер Қодиров, депутатларни ҳужжатни қўллаб-қувватлашга чақирар экан.
Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда 133 депутат қўллаб-қувватлади, 3 нафари қарши чиқди, 1 нафари бетараф қолди, 2 киши овоз бермади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, электрон сигареталар муомаласи 37 мамлакатда, жумладан, Аргентина, Бразилия, КХДР, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Норвегия, Сингапур, Туркия ва Туркманистонда тақиқланган. Қозоғистонда ҳам электрон сигареталар муомаласига чеклов киритиш бўйича қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Буюк Британия 1 июндан бир марталик вейпларни сотишни тақиқлашни жорий этади.