Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 31 январь куни давлат органлари веб-сайтларининг ишини яхшилаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 мартдан бошлаб барча расмий давлат органлари веб-сайтлари ягона платформа — Ҳукумат портали (gov.uz) орқали ишлайди. Ушбу платформа давлат ахборот тизимларининг Ягона интегратори Uzinfocom томонидан бошқарилади.
Олдинги веб-сайтларнинг манзиллари фойдаланувчиларни янги сайтга йўналтиради. Эски версиялар фаолиятини тўхтатади, бироқ уларда эълон қилинган барча маълумотлар сақлаб қолинади.
Давлат органлари раҳбарлари ягона платформа доирасида веб-сайтларнинг ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади. Порталда жойлаштирилиши керак бўлган ахборот турлари ва уларни эълон қилиш даврийлиги бўйича рўйхат ишлаб чиқилади.
Платформада ахборот давлат ва қорақалпоқ тилларида тақдим этилиши шарт. Маълумотларни тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда бошқа тилларда жойлаштиришга ҳам рухсат берилади.
Барча эълон қилинадиган материаллар Бош вазир матбуот хизмати томонидан тасдиқлангандан сўнг платформага жойлаштирилади. Тасдиқлаш жараёни бир иш кунидан ошмаслиги керак.
Киберхавфсизлик маркази ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳар олти ойда платформанинг киберхавфсизлик талабларига мувофиқлигини текширади ва унинг ҳолатини мониторинг қилади.