Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 29/06/2026

Буюк Британия 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлайди

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер 16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлаш жорий этилишини эълон қилди.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқлар «болаларни бахтсиз қилади», таъқиб қилишни осонлаштиради, уларнинг руҳий саломатлигига зарар етказиши мумкин ва «қарамликни келтириб чиқарадиган қилиб лойиҳалаштирилган».

«Мен бунга ортиқ чидаб тура олмайман. Шу боис биз болаларга ўз болалигини қайтармоқдамиз», — деди Стармер.

«Бу вазиятни тубдан ўзгартиради: болаларимиз хавфсизроқ, бахтлироқ бўлишади, уларда кўпроқ вақт, кўпроқ ҳимоя, улғайиш учун кўпроқ эркинлик ва кўпроқ имкониятлар бўлади», — дея қўшимча қилди.

Буюк Британия ҳукумати ижтимоий тармоқларни тақиқлашнинг Австралия қўллаган моделидан фойдаланишни режалаштираётганига аниқлик киритди. Чекловлар остига Snapchat, TikTok, YouTube, Instagram, Facebook ва X тармоқлари тушади. Болаларнинг WhatsApp ва Signal каби мессенжерлардан фойдаланиши чекланмайди.

Ҳукумат, шунингдек, турли платформалардаги «зарарли функциялар»ни, жумладан, жонли эфирлар ва 16 ёшдан кичик болалар билан мулоқот қилиш имкониятини блоклаш ниятида. «Ушбу чекловлар … кенгроқ онлайн-хидматлар доирасига, жумладан, ўйин сайтларига ҳам татбиқ этилади», дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, ҳукумат 18 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчилар учун тунги комендантлик соатларини ва «чексиз варақлаш» бўйича чекловларни жорий этиш имкониятини кўриб чиқади.

Чекловларни жорий этиш учун Болалар фаровонлиги ва мактаблар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилади. Дастлабки ўзгаришлар 2027 йилнинг баҳорига қадар кучга кириши кутилмоқда.

16 ёшдан кичик болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни тўлиқ тақиқлаш илк бор 2025 йил декабрь ойида Австралия томонидан жорий этилган эди. Шу каби чоралар ҳозирда бир қатор Европа давлатларида, жумладан, Франция, Испания ва Данияда кўриб чиқилмоқда. Канада ва Туркия ҳам ижтимоий тармоқларга киришни чеклашни режалаштирмоқда.