
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи пора олишда гумон қилинмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
ДХХ маълумотларига кўра, у тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича қўзғатилган жиноят ишини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 7000 доллар талаб қилган.
Бундан ташқари, у тадбиркорга тегишли бўлган ресторандаги ҳодиса билан боғлиқ жиноят ишини тугатиш учун яна 500 доллар сўраган. Ресторанда содир бўлган ёнғин натижасида муассаса ходими куйиш тан жароҳати олган бўлган.
Поранинг умумий суммаси 7500 долларни ташкил этган.
Туман ИИБ ходими ўтказилган тезкор тадбир давомида 2500 доллар олаётган вақтида ушланди.
Жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.