Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 29/06/2026

Тошкентда BYD бошқарган ўсмир автобус билан тўқнашди

Тошкентда 64-мактабнинг 9-синфида таҳсил олувчи икки нафар ўқувчи рақамлари ечиб олинган BYD автомобилида ЙТҲга учради. Бу ҳақда ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, авария 2026 йил 15 июнь куни эрталаб содир бўлган. Синфдошлар BYD автомобилида шаҳарга чиқишган. Рулда бўлган ўсмирлардан бири бошқарувни йўқотиб, Yutong автобусининг орқа қисмига бориб урилган.

Ҳодиса содир бўлган вақтда автобусда йўловчилар бўлмаган. ЙТҲ натижасида ҳеч ким жабрланмаган.

Ўсмирнинг отаси ЙҲХХ видеосида ўғли автомобилни оила аъзоларининг рухсатисиз ҳайдаб кетганини маълум қилди.

«Айб менда, ўғлимни етарлича назорат қилмадик. Эрталаб у барвақт туриб, бизга тегишли бўлган транспорт воситасини рухсатсиз ҳайдаб чиқиб кетган», — деди.

ЙҲХХ вакили ушбу ҳолат янада оғирроқ оқибатларга олиб келиши мумкин бўлганини таъкидлади.

«Фарзандингиз оғир жароҳат олиши, бир умрга ногирон бўлиб қолиши ёки ҳалок бўлиши мумкин эди. Бошқа бир фуқаро устига бостириб бориш эҳтимоли ҳам бор эди», — дейишди ЙҲХХ ходимлари ота-онага.

Автомобилни бошқарган ўсмирнинг отасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.