
Click компанияси Ўзбекистон онлайн тўлов тизимлари бозорида доминант мавқени эгаллаган рақамли платформа оператори деб тан олинди, дейилади Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабарида.
Доминант мавқени суиистеъмол қилишнинг олдини олиш мақсадида оператор фаолиятига монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилади ва тегишли мониторинг олиб борилади, дея қайд этди қўмита.
2025 йил январь ойида Payme компанияси ҳам онлайн тўлов тизимлари бозорида худди шундай мақомга эга бўлган эди. Доминант мавқега эга рақамли платформа операторлари рўйхатига Uzum Market (маркетплейслар бозорида), Uzum Tezkor, Yandex Eats ва Express24 APP (тайёр овқат ва истеъмол товарларига буюртма бериш ва етказиб бериш хизматлари), шунингдек, YandexGo UB (такси агрегатори) ҳам киради.
Click АЖ йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, платформа фойдаланувчиларининг умумий сони 20 миллиондан ошганини хабар қилган эди. Идентификация қилинган фойдаланувчилар сони 5 миллиондан ортиқни ташкил этади.