Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Uzum Market” МЧЖни электрон савдо майдончалари (маркетплейслар) бозорида ҳукмрон мавқега эга бўлган рақамли платформа оператoри деб эълон қилди, деб хабар берди қўмита матбуот хизмати.
2024 йил 1 августдан кучга кирган Рақамли платформа операторининг ҳукмрон мавқе ва устун музокара кучига эга эканлигини тан олиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, оператор қуйидаги шартлардан бири бажарилганда ва тўғридан-тўғри ҳамда билвосита тармоқ эффектлари мавжуд бўлганда бундай мақомга эга деб топилади:
- Агар охирги календарь йили учун тушум миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг баробаридан (37,5 млрд сўм) ортиқ бўлса;
- Агар рақамли платформанинг ўртача фаол якуний фойдаланувчилари сони ойига камида 50 минг нафарни ёки ўртача фаол бизнес фойдаланувчилари сони ойига камида 3000 нафарни ташкил этса.
Бундан ташқари, фойдаланувчилар сонидан қатъи назар, маълум бир бозорда 40% дан ортиқ улушга эга платформалар ҳам ушбу мақомни олади. Ушбу мақом ҳар уч йилда бир марта қўмита томонидан қайта кўриб чиқилади. Компаниялар рўйхати қўмита веб-сайтида эълон қилинади.
Бундай мақомга эга бўлган рақамли платформалар нархлар ёки платформадан фойдаланиш шартлари ўзгарганда, бу ҳақида камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари ва ўз веб-сайтларида хабар бериши шарт.
Январь ойида Payme онлайн тўлов тизимлари бозорида ҳукмрон мавқега эга оператор деб тан олинган эди. Бунгача YandexGo UB ва Yandex Eats, шунингдек, Express24 APP ҳам ушбу мақомни олган эди.