Uzum Tezkor рақамли платформа бозорида ҳукмрон оператор деб тан олинди

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Uzum Tezkor хорижий корхонасини тайёр овқат ва истеъмол товарларини буюртма қилиш ва етказиб бериш хизматлари бозорида ҳукмрон мавқега эга рақамли платформа оператори деб тан олди. Бу ҳақида қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Бундай қарорга Uzum Tezkor компаниясининг ҳукмрон мавқега эришгани ҳақидаги маълумоти асос бўлди.

Ҳукмрон мавқега эга рақамли платформа оператори учун рақобат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ҳукмронликдан суиистеъмол қилишнинг олдини олиш мақсадида антимонопол комплаенс тизими жорий этилиши шарт ва тегишли мониторинг олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил март ойида Uzum Market маркетплейслар бозорида ҳукмрон деб эътироф этилган эди.

Компания изоҳи

Uzum Tezkor компанияси қўмитанинг қарорини «Газета.uz»га қуйидагича изоҳлади:

«Ўзбекистонда фудтех бозори охирги икки йил ичида фаол ривожланмоқда, аммо тайёр овқат ва маҳсулотларни етказиб бериш хизматига буюртма берадиган фойдаланувчилар улуши ҳали ҳам нисбатан кам. Тахминларга кўра, келгуси беш йил ичида Ўзбекистонда озиқ-овқат етказиб бериш бозори 5–8 баробарга ўсиши мумкин. Uzum Tezkor бозордаги муҳим маҳаллий иштирокчи сифатида ушбу сегментни бошқа йирик, шу жумладан, халқаро майдонлар билан биргаликда муваффақиятли ривожлантирмоқда».

«Uzum Tezkor хизматининг ишга туширилганига икки йилдан кам вақт ўтган бўлса-да, бугунги кунда у мамлакатнинг 19 та шаҳрида фаолият юритмоқда ва 2400 дан ортиқ ҳамкор – кафе, ресторан ва дўконлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Шунингдек, платформада 7000 га яқин курьер ҳамкор сифатида иш олиб бормоқда», — дея хабар берди компания.

Ҳукмрон оператор деб тан олиш нима маънони англатади?

2024 йил 1 августдан кучга кирган рақамли платформа операторининг ҳукмрон мавқега эгалигини ва устувор музокара кучини тан олиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, оператор қуйидаги шартлардан бири бажарилган ҳамда тўғридан-тўғри ва билвосита тармоқ эффектлари мавжуд бўлганда ҳукмрон деб тан олинади:

  • Агар охирги календарь йилдаги даромад суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг баробари (37,5 млрд сўм)дан ошса;
  • Агар рақамли платформанинг ўртача ойлик фаол якуний фойдаланувчилари сони 50 мингдан кам бўлмаса ёки ўртача ойлик фаол бизнес-фойдаланувчилар сони 3000 дан кам бўлмаса.

Бундан ташқари, фойдаланувчилар сонидан қатъий назар, бозорда 40% дан ортиқ улушга эга платформаларга ҳам мазкур мақом берилади. Мақом қўмита томонидан ҳар уч йилда қайта кўриб чиқилади.

Компаниялар рўйхати қўмитанинг расмий сайтида эълон қилинади. Унга, жумладан, Yandex Eats («Яндекс Еда») ва бошқа етказиб бериш хизматлари ҳам киритилган.

Шу мақомга эга рақамли платформалар нарх ёки фойдаланиш шартларини ўзгартиришда бу ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ўз расмий сайтларида камида 15 кун олдин хабар беришлари шарт.