
«Юксалиш» ҳаракати 2025 йил февраль ойида Ўзбекистондаги бошқарув компаниялари фаолиятини ўрганди. Тадқиқот 371 та кўп қаватли уйнинг бошқарув ҳолатини, 109 та бошқарув компаниясининг ишини, шунингдек, истеъмолчиларнинг фикрлари ва баҳоларини аниқлаш учун 2340 нафар респондент ўртасида ўтказилган ижтимоий сўровни қамраб олди.
Хусусан, 16 та бошқарув компаниясига қарашли 52 та кўп қаватли уйда ертўла хоналарига етарли даражада хизмат кўрсатилмаган ёки умуман хизмат кўрсатилмаган, бунинг оқибатида улар чиқиндилардан тозаланмаган. 18 та бошқарув компаниясига қарашли 34 та уйда фасадлар жорий таъмирланмаган, бу эса уларни таъмирлаш заруратини келтириб чиқарган.
Мониторинг давомида кўп қаватли уйлар аҳолиси билан бошқарув компаниялари фаолияти юзасидан суҳбатлар ўтказилди. Аниқланишича, 112 та кўп қаватли уй ва уларга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Умумий ҳисобда респондентларнинг 35,8% бошқарув компаниялари фаолиятини қониқарсиз деб баҳолаган.
Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар мулкдорларига уйларни бошқариш шаклини эркин танлаш имконияти берилмаган ҳолатлар аниқланди. Қатор ҳолларда фуқароларнинг товар, иш ёки хизматни эркин танлаш ва лозим даражадаги сифатга бўлган ҳуқуқини кафолатловчи «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддаси бузилиши ҳолатлари аниқланди.
Ушбу нормаларнинг бузилиши бошқарув компаниялари ва мулкдорлар ўртасида тизимли низоларга олиб келиши мумкин. Мулкдорларнинг икки томонлама шартномалар тузишдан бош тортиши, мажбурий тўловларни тўламаслиги, хизматларнинг сифатсиз кўрсатилиши, шунингдек, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундириш каби муаммолар типик муаммолар қаторига киради.
Бундан ташқари, бир бошқарув компаниясига унинг сервис салоҳияти ва техник имкониятларини ҳисобга олмасдан 100 дан ортиқ кўп қаватли уйга хизмат кўрсатиш топширилган ҳолатлар қайд этилди. Масалан, Урганч шаҳрида «Хоразм шинам уйлар» МЧЖ 307 та уйга, Асака туманида «Био Тех Сервис» МЧЖ 172 та уйга, Самарқанд шаҳрида «Самарқанд Олтин Аср» МЧЖ 167 та уйга, Когон шаҳрида «Бахшулло Камолиддин» МЧЖ 131 та уйга, Термиз шаҳрида эса «Сарвар Термез Сервис» МЧЖ 124 та уйга хизмат кўрсатади.
Мулкдорлар билан суҳбатлар давомида баъзилари ўз уйини қайси компания бошқараётганини ҳам билмаслиги, аммо шу билан бирга амалда олмаётган хизматлари учун пул тўлашга мажбур эканлиги аниқланди.
Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйларни бошқариш бўйича тажрибага эга бўлган экспертлар билан онлайн учрашувда маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг ҳаракатлари қатор ҳолларда қонунни бузиши ва соҳада қўшимча тўсиқлар яратиши, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатиши, уларни бартараф этиш бўйича мурожаатлар эса ҳал этилмаётгани ҳам айтиб ўтилди.
Хусусан, кўп қаватли уйлар қонунчиликка зид равишда, танлов ўтказмасдан ва мулкдорларнинг, яъни ушбу уйларда яшовчи фуқароларнинг розилигисиз, туман ҳокимларининг баённомалари асосида бошқарув компанияларига топширилган ҳолатлар аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлди.
Масалан, 2024 йилда Яшнабод тумани ҳокимияти 1096 та уйни бир бошқарув компаниясига бирлаштирди. Мирзо Улуғбек тумани (17 та уй) ва Юнусобод тумани (115 та уй) маъмуриятлари ҳам шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга оширди. Бунда бошқарув компаниясини танлаш бўйича очиқ жамоат муҳокамалари ва очиқ танловлар ўтказилмади.
Аҳолининг хабар беришича, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари уй-жой мулкдорлари ширкатларига уйларни бошқарув компанияларига ўтказиш учун босим ўтказмоқда. Шу тариқа, «бир микрорайон – бир бошқарув компанияси» ташаббуси аҳоли фикрини эътиборга олмасдан, маъмурий усулда амалга оширилди.
Мажбурий бадаллар миқдорини белгилашда қонунларга риоя қилмаслик ва аҳоли олдида ҳисобот бермаслик қўшимча танқидга сабаб бўлди.
Сўров шуни кўрсатдики, мулкдорларнинг 26,6% шикоятларига бир ҳафта ичида, 17,4% бир ой ва ундан кўпроқ вақт ичида жавоб олади, яна 17,4% эса умуман жавоб олмайди. Бундан ташқари, респондентларнинг 30,8% уйлар бошқарув компанияларига ўтказилганидан кейин ҳеч қандай яхшиланиш бўлмаганини, 16,9% эса хизматлар умуман кўрсатилмаётганини тўғридан-тўғри қайд этган.
Сўров иштирокчилари бошқарув компаниялари ишини яхшилаш бўйича таклифлар билдирдилар. Хусусан, 46,1% ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳажмини оширишни устувор вазифа деб ҳисоблайди. Қарийб шунча – 45,7% хавфсизликни ошириш мақсадида очиқ ҳудудларга видеокузатув ўрнатишни қўллаб-қувватлайди. Респондентларнинг 44% ойлик тўловлар миқдорини белгилашда уларнинг фикри инобатга олинмаганини, 14,7% эса юқори нархлар уларнинг эътирозларига қарамай ўрнатилганини билдирган.
Яна 27,1% респондентлар бошқарув компаниялари хизмат кўрсатмасдан бадаллар йиғаётганидан норози эканликларини билдиришди. Шу билан бирга, 24,1% кўрсатилаётган ишларнинг нархи ва сифати ўртасидаги номувофиқликни қайд этди.
Вазият таҳлили якунида «Юксалиш» ҳаракати бир қатор тавсиялар билан чиқди:
- бошқарув компанияларини танлашда мулкдорларнинг бевосита иштирокини таъминлаш;
- бир ташкилот хизмат кўрсатиши мумкин бўлган кўп қаватли уйларнинг чекланган сонини ўрнатиш;
- бошқарув компанияларининг кадрлар ва техник имкониятларини назорат қилишнинг самарали механизмини жорий этиш;
- мулкдорлар ва бошқарув компаниялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик учун ягона онлайн платформа яратиш, рақамлаштириш, тескари алоқа ва жамоат назоратини таъминлаш;
- минимал бадалларни маъмурий усулда белгилаш амалиётидан воз кечиш ва хизматлар нархларини шакллантиришнинг бозор принципига ўтиш.
Қайд этилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси шаҳар ва туман ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд бошқарув компаниялари ишининг тўлиқ инвентаризациясини ўтказиши, шунингдек, аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши керак.