Марказий банк асосий ставкани йиллик 14% даражасида сақлаб қолди

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2025 йил 24 апрель куни асосий ставкани ўзгартишсиз қолдириш — йиллик 14% даражасида сақлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Регуляторнинг тушунтиришича, ушбу қарор инфляциявий босимни чеклаш ва инфляциянинг пасайиш тенденциясини барқарорлаштириш, уни ўрта муддатли даврда мақсадли 5% даражага яқинлаштиришга қаратилган.

Март ойида йиллик инфляция 10,3%га етди, базавий инфляция эса 8,1%гача тезлашди. Бу ҳолат таклиф омиллари билан бирга, талаб томонидан келаётган босимни ҳам акс эттиради.

Аҳоли ва бизнес орасида инфляцион кутилмалар март ойида ёқилғи ва энергия ресурслари билан таъминланиш яхшилангани ҳамда валюта курси нисбатан барқарор сақлангани сабабли камайган бўлса-да, улар ҳали ҳам жорий инфляция даражасидан юқори бўлиб қолмоқда.

«2024 йилда газ ва электр энергияси нархларининг ошиши орқали амалга оширилган энергия ресурслари нархларини либераллаштиришнинг дастлабки таъсири иккинчи чорак охирига келиб тугаши кутилмоқда ва бу инфляцияга пасайтирувчи таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, халқаро савдо шароитларининг ёмонлашиши дунё истеъмол нархларининг ўсиши, ишлаб чиқариш харажатларининг кўпайиши ва ташқи инфляциявий босимнинг кучайиши хавфини оширади», — дейилади хабарда.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2025 йил охиригача умумий инфляция даражаси 7–8% прогноз диапазонининг юқори чегарасига яқин бўлиши кутилмоқда.

Биринчи чоракда ЯИМ ўсиши 6,8%гача тезлашди, бу ички талаб, хусусий инвестициялар ўсиши ва чегара ортиқдаги пул ўтказмаларининг сезиларли даражада кўпайиши ҳисобига содир бўлди.

Йил якунлари бўйича ЯИМ тахминан 6% га ўсиши кутилмоқда. Шу билан бирга, хусусий инвестициялар иқтисодий ўсиш ва товар ҳамда хизматлар таклифи кенгайишига ҳисса қўшади.

Йил бошидан буён реал самарали валюта курси асосий савдо ҳамкорларининг валюталари мустаҳкамланиши ва сўмнинг уларга нисбатан барқарорлиги сабабли ўрта муддатли тенденция доирасида шаклланмоқда.

Амалдаги қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш кредитлаш ҳажмининг мувофиқ ўсиши ва омонатлар ўсиш суръатининг юқори бўлиб қолишига хизмат қилади, бу эса жами талабни мувозанатлаштириш ва инфляцияга таъсир қилувчи монетар омилларни камайтириш имконини беради, деб ҳисоблайди регулятор.

Ўрта муддатли даврда 5% инфляция даражасига эришиш учун Марказий банк пул-кредит сиёсатида етарли даражадаги қатъийликни таъминлашни мақсад қилган.

1 майдан энергия ресурслари нархларини либераллаштиришнинг навбатдаги босқичи (газ ва электр энергияси тарифларини ошириш) режалаштирилган. Бу кейинги ставка бўйича қарорларда инфляцияга таъсир этувчи иккинчи даражали таъсирлар ва инфляцион кутилмалар инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилади, дейилган Марказий банк изоҳида.

Асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиш 2025 йил 12 июнь куни бўлиб ўтади.

2025 йил март ойида бўлиб ўтган олдинги йиғилишда Марказий банк асосий ставкани 13,5% дан 14% га оширган эди.

Асосий ставка нима?

Марказий банкнинг асосий ставкаси — пул-кредит сиёсасининг энг муҳим инструментларидан бири бўлиб, у молия бозоридаги барча бошқа фоиз ставкалари шаклланишига асос бўлади. Банклар ўзаро ёки Марказий банкдан маблағ жалб қилишда айнан шу ставкадан келиб чиқади.

Шундай қилиб, асосий ставка иқтисодиётдаги фоиз ставкалари, аҳоли ва бизнеснинг истеъмол ҳамда инвестициявий қарорларига таъсир кўрсатади, бу эса ички талаб ва инфляцияга таъсир этади.

Тижорат банклари асосий ставка динамикасини кузатиб, яқин келажакда ликвидлик нархи қандай бўлиши — арзонроқ ёки қимматроқ бўлишини англайди. Бу эса уларни ўз маҳсулот ва хизматлари (масалан, депозит ва кредит фоизлари) нархини қайта кўриб чиқишга ундайди.

Агар иқтисодиётда инфляция даражаси кескин тезлашса ва Марказий банк асосий ставкани оширса, банклар ҳам кредит ва депозит фоизларини оширади, чунки пул жалб қилиш, жумладан, банклараро бозордаги маблағлар нархи ортиб боради.

Аксинча, инфляция пасайиши ва асосий ставка камайиши орқали банклар учун маблағ жалб қилиш арзонлашади ва улар кредтларни нисбатан паст фоизларда тақдим этишади, бу эса аҳоли ва бизнес учун молиявий ресурсларнинг кўпроқ мавжуд бўлишига олиб келади.

Фоиз ставкаларини пасайтириш жараёни банклар ўртасидаги рақобат даражасига ҳам кучли боғлиқ.